ШҲТга 25 йил: Ўзбекистонда маданий-гуманитар ҳамкорлик (+видео)
Жорий йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази томонидан қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.
Шу муносабат билан 15 июн куни Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида маҳаллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирни очиб берган Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров мамлакатимизда мазкур марказни ташкил этиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Марказ ШҲТга аъзо давлатлар ва фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, халқларни бир-бирига яқинлаштириш, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ташаббусларни амалга ошириб келмоқда.
Матбуот анжумани давомида маданий, илмий ва маърифий дастурларни ташкил этиш, делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш, тематик форумлар, бадиий кўргазмалар, мусиқа фестиваллари ва спорт тадбирларини ўтказиш борасида Марказ ҳамкорлари билан биргаликда амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, ушбу ташаббуслар маданият, таълим, санъат, туризм, спорт, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Тадбир якунида Қобилжон Собиров иштирокчиларга билдирилган таклиф ва тавсиялар учун миннатдорчилик изҳор этиб, ШҲТ доирасида кўп томонлама маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришда Марказ ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик келгусида янада самарали давом этишига ишонч билдирди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/V75lP2nG5_w" title="ShHTga 25 yil: O`zbekistonda madaniy-gumanitar hamkorlik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зиёвуддин Нуриддинов,
Нишонбой Абдувоитов,
Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА