Сув фонди ерларидан оқилона фойдаланишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди
Ўзбекистон Республмкаси Президенти “Сув хўжалиги соҳасида бозор механизмларини кенг жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга кўра, сув фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, тенглик, шаффофлик ҳамда бозор тамойилларига асосланган илғор хорижий тажрибани жорий этган ҳолда сув фонди ерларидан қўшимча иқтисодий самара олиш ва янги иш ўринларини яратиш мақсад қилинган.
Қуйидагилар Сув хўжалиги вазирлиги тизим ташкилотлари ҳисобидаги сув фонди ерларидан оқилона фойдаланишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди:
а) 2026-2027 йилларда давлат рўйхатидан ўтказилмаган 268 минг гектар сув фонди ерларини хатловдан ўтказиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ишларини якунлаш;
б) 2026-2027 йилларда сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобидаги 30 минг гектар сув фонди ерларини шаффоф ҳамда бозор тамойилларига асосланган ҳолда ижарага беришни ташкил этиш;
в) сув фонди ерлари участкаларини сув хўжалиги ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш;
г) 2027 йил якунига қадар сув фонди ерларида 100 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш орқали уларга 220 миллиард сўм қўшимча даромад олиш манбаини яратиш.
Соҳага бозор механизмларини кенг жорий қилиш мақсадида Сув фонди ерларини ижарага беришда Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги "Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш" давлат муассасаси ягона буюртмачи этиб белгиланди.
Давлат муассасаси томонидан сув фонди ерлари қуйидаги йўналишларда ижарага берилади:
а) сув фонди ерларининг соҳилбўйи минтақаларидан туристик хизматлар ва сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш;
б) сув фонди ерларини тозалаш жараёнида қум-шағал материалларини қазиб олиш.
Тўпланиб қолган қум-шағал материалларидан тозаланиши лозим бўлган дарё ўзанлари ва сув хўжалиги объектлари рўйхати Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказиладиган ўрганишлар натижалари асосида шакллантирилади ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг қўшма қарори билан тақдиқланади.
Дарё ва сув хўжалиги объектлари ўзанларини тозалашда қирғоқларнинг ювилишига ва яқин ҳудудларнинг сув босишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳамда сув оқимига тўсқинлик қилаётган қум-шағал материаллари қазиб олинишига рухсат этилади.
Сув омборлари ва сел-сув омборлари, каналлар, коллекторлар, табиий кўллар ва гидротехника иншоотларини тупроқ материалларидан тозалаш тадбирларига ташаббускор тадбиркорлик субъектларини энг яхши таклифлари асосида тўғридан-тўғри шартнома асосида жалб қилишга рухсат этилади.
Сув омборлари ва сел-сув омборларининг сувдан бўшаган ҳамда тупроқ намлиги сақланган ерларидан самарали фойдаланиш мақсадида ушбу ерлар ташаббускорларга қисқа муддатга экин экишга Давлат муассасаси томонидан электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижарага берилади.
Тозаланиши лозим бўлган сув хўжалиги объектининг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун ушбу соҳадаги ихтисослашган нуфузли лойиҳа ташкилотлари жалб этилади.
ЎзА