Шахмат бўйича вилоят кубоги ғолиблари аниқланди
Сирдарё вилоятида “Сирдарё вилояти ҳокими кубоги” учун ташкил этилган шахмат мусобақасининг вилоят босқичи юқори савияда ўтказилиб, интеллектуал баҳсларда энг кучли шахматчилар аниқланди. Мусобақа мамлакатимизда шахматни кенг оммалаштириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ташаббусларнинг амалий ифодаси бўлди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда шахматни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Интеллектуал спорт турини оммалаштириш, халқаро майдонда рақобатбардош шахматчиларни тайёрлаш, ёшларда мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш ва стратегик қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу маънода “Сирдарё вилояти ҳокими кубоги” мусобақаси ҳам мазкур мақсадларга хизмат қилаётган нуфузли спорт тадбирларидан бирига айланиб бормоқда.

Мусобақанинг вилоят босқичида шаҳар ва туманларда ўтказилган саралаш босқичлари ғолиблари профессионал эркаклар, профессионал аёллар, ҳаваскор эркаклар ҳамда ҳаваскор аёллар тоифаларида ўзаро ақл-заковат ва маҳорат синовида беллашди. Ҳар бир партия иштирокчилардан чуқур таҳлил, узоқни кўра билиш, мустаҳкам ирода ва пухта стратегияни талаб қилди. Бу эса баҳсларнинг қизиқарли ва муросасиз руҳда кечишига замин яратди.

Мусобақа якунларига кўра, ҳаваскор эркаклар ўртасида Янгиер шаҳри вакили Умид Алиқулов, ҳаваскор аёллар баҳсида эса Оқолтин тумани намояндаси Кумуш Холмўминова ғолибликни қўлга киритди.
Профессионал шахматчилар ўртасида Боёвут тумани вакиллари юқори натижаларни қайд этди. Эркаклар баҳсида Жамшид Шодиқулов, аёллар ўртасида эса Малика Жумаева вилоят кубоги соҳиби бўлди.

Тақдирлаш маросимида Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Мавлонбердиев иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларни самимий табриклади. У ўз сўзида шахмат инсонда мантиқий фикрлаш, сабр-тоқат, тезкор таҳлил қилиш ва стратегик қарор қабул қилиш қобилиятини шакллантиришда беқиёс аҳамият касб этишини таъкидлаб, барча иштирокчиларга келгуси мусобақаларда ҳам улкан зафарлар тилади.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири