Сайёр судда муҳим қарорлар қабул қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Беруний маҳалла фуқаролар йиғини биносида жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси Жасурбек Балтабаев раислигида навбатдаги очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига мувофиқ жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишга оид ишлар кўриб чиқилди. Суд томонидан жазони ўташ давомида ўзини ижобий томондан кўрсатган, қонун талабларига риоя этган ҳамда тузалиш йўлига ўтган 13 нафар маҳкумга нисбатан жазонинг ўталмай қолган қисмидан муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисида ажрим чиқарилди.

Шу билан бирга, уларга қонун устуворлиги ва жавобгарлик масалалари юзасидан тушунтириш берилди. Хусусан, шартли озод қилинган шахслар томонидан янги жиноят содир этилган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда жазо кучайтирилиши алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти тадбир иштирокчиларига атрофлича тушунтирилди.
Мазкур фармон доирасида хотин-қизлар ва болаларни ҳар қандай зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оилада соғлом муҳитни шакллантиришга қаратилган аниқ механизмлар белгилаб берилгани таъкидланди. Шунингдек, зўравонлик ҳолатларини барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва жабрланувчиларни ижтимоий-қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди.
Сайёр суд мажлиси ва ҳуқуқий тарғибот тадбири аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш, шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.