Саратон касалликларига қарши кескин курашилади
Аҳолини энг кўп учрайдиган, яъни бачадон бўйни, кўкрак бези, йўғон ичак, ошқозон, простата бези ва ўпка саратон касалликлари бўйича мақсадли тиббий текширувлар билан қамраб олиш кўрсаткичи камида 60 фоизга етказилади.
Бу борада шу йилнинг 24 июнь куни қабул қилинган “Саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарорида муҳим вазифалар белгиланди.
Жумладан, аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликларини 1-2-босқичларда аниқлаш даражасини 30 фоиздан 40 фоизгача ошириш, аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликларини 3-4-босқичларда аниқлаш даражасини 65 фоиздан 55 фоизга камайтириш ва бошқалар.
2027 йил 1 январдан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Саратонга қарши курашиш миллий дастури (Дастур) асосида аҳоли ўртасида ошқозон, йўғон ичак (колоректал), ўпка ва простата бези саратони касалликларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳудудларда босқичма-босқич амалга оширилади.
Аҳолининг саратон касалликлари хавф омиллари, дастлабки белгилари ва олдини олиш усуллари тўғрисидаги хабардорлигини ошириш, саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек тиббий ёрдам сифатини ошириш ва ўлим ҳолатларини камайтириш Дастурнинг устувор вазифалари этиб белгиланди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА