Болаларга фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилиш тушунтирилмоқда
Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, туман, шаҳар бўлимлари ходимлари томонидан ёзги болалар оромгоҳларида турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Қўрғонтепа тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан туманда фаолият юритаётган болалар соғломлаштириш оромгоҳларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий равишда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Тадбирларда оромгоҳда дам олаётган болалар, тарбиячи ва масъуллар иштирокидаги зилзила, ёнғин, сув тошқини ва бошқа турли кўринишдаги фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тўғри ҳаракатланиш тартиби, эвакуация қоидалари, бирламчи хавфсизлик чораларига риоя этиш, инсон ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолиш юзасидан зарур билим ва тавсиялар берилмоқда.


Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар бўлимлари давлат инспекторлари томонидан оромгоҳ раҳбарияти билан суҳбатлар ўтказилиб, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш, мавжуд ёнғинга қарши воситаларнинг соз ҳолатда сақланиши, эвакуация йўлакларининг очиқлиги ҳамда фавқулодда вазиятларга шайлик ҳолатини таъминлаш бўйича амалий тавсиялар берилмоқда.
– Мазкур тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, болалар ҳамда масъулларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, – дейди вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, капитан Ҳаётбек Раҳимов. – Қолаверса, хавфсизлик чораларини кучайтириш, юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишдан иборат.


Бу каби тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида изчил олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири