Ўзбекистонда умр давомийлиги ортиб бормоқда: 34 йилда кўрсаткич 9 ёшга узайди
Сўнгги йилларда мамлакатда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, профилактика ишларини кучайтириш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Буни аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги ортиб бораётгани ҳам яққол тасдиқлайди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган 2025 йилда Ўзбекистонда доимий аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 75,4 ёшни ташкил этган. Бу кўрсаткич 1991 йилга нисбатан қарийб 9 йилга ошган.
Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, мустақилликнинг дастлабки йилларида ўртача умр кўриш давомийлиги 66,4 ёш бўлган бўлса, кейинги йилларда изчил ўсиш кузатилган. Хусусан, 2000 йилда мазкур кўрсаткич 70,8 ёшга, 2010 йилда 73 ёшга, 2024 йилда эса 75,1 ёшга етган. 2025 йилда эса бу рақам яна ошиб, 75,4 ёшни ташкил қилди.
Экспертларнинг фикрича, умр давомийлигининг узайиши аҳоли фаровонлиги, соғлиқни сақлаш тизимининг ривожланиши, оналик ва болалик муҳофазаси, профилактик тиббий кўрикларнинг кенгайиши ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан бевосита боғлиқ.
Демографик кўрсаткичлардаги бундай ижобий ўзгаришлар Ўзбекистонда инсон қадри ва аҳоли саломатлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг яна бир амалий ифодаси ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА