Самарқандда биродар шаҳарлар халқаро форуми ўтказилади
Шу йилнинг 24-25 июль кунлари қадимий кентда ўтказилиши режалаштирилган форумда 30 дан ортиқ давлат вакиллари, нуфузли делегациялар ва халқаро ташкилотлар масъуллари қатнашиши кутилмоқда.
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита, Биродар шаҳарлар альянси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан биринчи марта ташкил этилаётган форум Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг биродар шаҳарлари ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқ дипломатияси тамойиллари асосида маданий-гуманитар, иқтисодий, таълим, илм-фан, туризм ва инновация йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Форумда шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг замонавий механизмлари, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда янги истиқболли ташаббусларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида “Биродар шаҳарлар – барқарор ривожланиш ва халқ дипломатиясининг янги модели” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилиб, B2B ва B2G форматида учрашувлар, ҳамкорлик битимларини имзолаш маросимлари ҳамда шаҳарлар имкониятларини ифодаловчи кўргазмалар намойиш этилди.
Конференция ялпи мажлиси ҳамда учта мавзули сессияларида шаҳарлар ўртасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, маҳаллий даражадаги ҳамкорлик алоқаларининг аҳамияти ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Форумда, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларининг иқтисодий, туризм ва инвестициявий салоҳияти, шунингдек, хорижий шаҳарлар билан ўрнатилган дўстлик алоқаларининг шаклланиш тарихи акс эттирилган “Шаҳарлар имкониятлари кўргазмаси”, “Ўзбекистоннинг биродар шаҳарлари тарихи” фото кўргазмалари ўтказилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири