Самарқанд – жаҳон болалар саммити мезбони
21-22 октябрь кунлари Самарқандда “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари йўл” мавзусидаги жаҳон саммити ва унинг доирасида болалар онкологияси бўйича II халқаро конгресс ўтказилади.
Мазкур тадбирларда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан 600 нафарга яқин иштирокчи – давлат ва ҳукумат вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда экспертлар қатнашиши кутилмоқда.
Айни пайтда Самарқандга меҳмонлар ташриф буюрмоқда. Самарқанд халқаро аэропорти ва темирйўл вокзалида меҳмонлар мамлакатимиз ҳукумати вакиллари ҳамда саммит ташкилотчилари томонидан кутиб олинмоқда.
Саммит болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим ва эрта ривожланиш йўналишларида халқаро тажриба алмашиш, илғор ёндашувларни муҳокама қилиш ҳамда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим мулоқот майдонига айланади. 21 октябрь куни тадбирнинг расмий очилиш маросими, юқори даражадаги ялпи йиғилишлар, болаларга кенг кўламли инвестициялар, ижтимоий ҳимоя ва болаларни ҳимоя қилишга бағишланган сессиялар ўтказилади. Икки кун давомида болалар саломатлиги, эрта ривожланиш ва инклюзив таълим масалалари муҳокама қилинади. Якуний ялпи йиғилишда болалар фаровонлигига инвестициялар тўғрисидаги Самарқанд декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.
[gallery-32051]
Болалар онкологияси бўйича II халқаро конгресс болалар саратонига қарши курашишда илғор тиббий тажрибаларни бирлаштириш, диагностика ва даволаш имкониятларини кенгайтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Касалликларни ўз вақтида аниқлаш, замонавий диагностика, дори таъминоти, прецизион терапия, ўзак ҳужайралар трансплантацияси ва ҳужайра технологиялари конгресснинг устувор йўналишлари ҳисобланади. Шунингдек, реабилитация, паллиатив ёрдам, инфекция назорати ва болаларни узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама этилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари