Аниқ натижа мезон бўлади
Бухоро вилоятида битирувчи ва ишсиз ёшларнинг ҳақиқий бандлик ҳолатини ўрганиш, уларни муносиб иш билан таъминлаш ва ҳар бир ёш тақдирига манзилли ёндашиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишни вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқарди.
Бугун ёшларни иш билан таъминлаш масаласи шунчаки статистик кўрсаткич эмас. Бу — оиланинг эртанги даромади, ёш инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, унинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши билан боғлиқ муҳим ижтимоий масаладир. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга касб ўргатиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш ва ҳар бир ёшга манзилли ёндашишга қаратилган ташаббуслар Бухоро вилоятидаги ишлар учун ҳам асосий мезон бўлиб хизмат қилмоқда. Йиғилишда айнан шу ёндашувдан келиб чиқиб, қоғоздаги ҳисоботдан кўра, амалдаги натижа устувор бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланди.
Маълумотларда ёш иш билан таъминланган деб кўрсатилган бўлиши мумкин. Аммо унинг амалда қаерда ва қандай меҳнат қилаётгани, расмий ёки норасмий бандлиги, олган даромади, касбига мос ишда ишлаётгани, умуман, меҳнат фаолиятидан қониқиши каби масалалар жойига чиққан ҳолда ўрганилмаса, статистик рақам реал манзарани тўлиқ акс эттирмайди. Шу боис йиғилишда битирувчи ва ишсиз ёшлар бандлигига оид маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш, ҳар бир ёш билан алоҳида ишлаш ва аниқ амалий натижага эришиш вазифаси қўйилди.

Бунда ҳар бир ёшнинг ҳолати тегишли ҳужжатлар ва бевосита суҳбатлар асосида ўрганилиши, ишга жойлашмаган ёшларни асоссиз равишда статистик ҳисобдан чиқаришга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланди.
Йиғилиш якунида шаҳар ва туман ҳокимларига “маҳалла еттилиги” аъзоларини жалб қилган ҳолда битирувчи ва ишсиз ёшларни қайта хатловдан ўтказиш топширилди. Энди ҳар бир ёш бўйича унинг яшаш манзили, бандлик ҳолати, касби, ишлаш истаги, қандай кўникмага эга экани ва ишсизлигига сабаб бўлаётган муаммолар аниқланади. Энг муҳими, бу жараён фақат рўйхат тузиш билан чекланмайди. Ҳар бир аниқланган муаммо бўйича ечим ҳам белгиланиши керак. Агар ёш иш излаётган бўлса — унга муносиб бўш иш ўрни топилади. Касби етарли бўлмаса — қайта тайёрлаш ёки касб-ҳунарга ўқитиш чоралари кўрилади. Тадбиркорликка қизиқиши бўлса — мавжуд имкониятлар асосида унинг ташаббуси қўллаб-қувватланади. Мустақил меҳнат қилиш истагидаги ёшга эса ўзини ўзи банд қилиш механизмларидан фойдаланиш бўйича амалий кўмак берилади.

Демак, мақсад рақамни камайтириш эмас, ишсизликнинг ўзига сабаб бўлаётган омилни бартараф этишдан иборат.
Мутасадди ташкилотлар раҳбарларига ҳар бир ёш бўйича зарур маълумотларни шакллантириш, тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган йиғма жилдларни тайёрлаш ва ҳақиқатан ишсизлиги аниқланган ёшлар учун шахсий бандлик режаларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Бу эса ёшлар билан ишлашда “умумий ёндашув”дан воз кечиб, “бир ёш — бир тақдир — бир аниқ ечим” тамойилини қарор топтиришни англатади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири