Самарқанд оромгоҳларида биринчи ва иккинчи даврада 4500 бола соғломлаштирилди
Жорий йилги ёзги таътил даврида Самарқанд вилоятидаги 14 та оромгоҳда 8710 нафар, 57 та умумтаълим мактабида ташкил этилган соғломлаштириш майдончаларида 12800 нафар ўқувчини қамраб олиш кўзда тутилган.
– Вилоятдаги доимий оромгоҳларда, жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси қошидаги болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти тасарруфидаги 10 та оромгоҳимизда бу йил 7000 нафарга яқин бола дам олади, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси қошидаги болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Феруза Қиличева. – Бу оромгоҳларимиз июнь ойининг иккинчи ўн кунлигидан фаолият бошлади ва 5 даврада ўқувчиларни қабул қилиши режалаштирилган. Шу пайтгача, биринчи ва иккинчи давра давомида вилоят бўйича 4500 нафар болажонлар сўлим масканларда мазмунли дам олди. Улар учун спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий тўгараклар, маданий кечалар ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи дастурлар ташкил этилди. Оромгоҳдаги 12 куннинг ҳар бир кунига ном берилиб, шунга мос тадбирлар, интеллектуал ўйинлар ва спорт мусобақалари ўтказилмоқда.

Шу пайтгача барча оромгоҳлар ўрганилиб, бино ва иншоотларнинг ҳолатига қараб, таъмирлаш ва жиҳозлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бу жараён мутасадди ташкилотлар мутахассислари томонидан мувофиқлаштирилиб, асосий эътибор болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, мароқли ҳордиқ чиқаришига қаратилди.

2026 йилги ёзги соғломлаштириш мавсумини юқори савияда ташкил этиш ва оромгоҳларнинг мавсумга пухта тайёргарлигини таъминлашда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги баённомаси асосида бириктирилган масъул ташкилотлар раҳбарларининг хизматлари катта бўлди. Улар томонидан олиб борилган доимий назорат, амалий кўмак ва тизимли ишлар оромгоҳларнинг мавсумга тўлиқ шай ҳолатга келтирилишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Масъул раҳбарларнинг ташаббускорлиги, юқори масъулияти ва соҳалар кесимидаги самарали ҳамкорлиги натижасида оромгоҳларнинг фаолияти яхшиланди, мавжуд камчиликлар қисқа муддатларда бартараф этилди ҳамда санитария, хавфсизлик ва хизмат кўрсатиш сифати бўйича белгиланган талабларнинг тўлиқ таъминланишига эришилди. Энг муҳими, болалар учун хавфсиз, замонавий ва барча қулайликларга эга дам олиш муҳити яратилди.
Вилоятда болаларни ёзги соғломлаштириш ишлари давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири