Саксовулзорлар экологик барқарорлик гаровидир
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ва ноёб ўсимлик дунёсини асраб-авайлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан. Шу боис, Бухоро вилоятининг чўл ҳудудларида табиат мувозанатини сақлашда назорат тадбирлари мунтазам ташкил этилмоқда.
Жумладан, Бухоро вилояти Пешку тумани Экология бўлими инспекторлари ҳамда туман ички ишлар бўлими ходимлари ҳамкорлигида туманнинг чўл ҳудудларида навбатдаги назорат рейд тадбирлари ўтказилди.
Рейд давомида фуқаро Т.Б. бошқарувида бўлган, давлат рақам белгисиз ҳаракатланаётган автомашина инспекторлар томонидан тўхтатилди. Текширув жараёнида мазкур транспорт воситасида ноқонуний равишда қазиб олинган саксовул ўсимликлари ташилаётгани аниқланди.

Ҳолат юзасидан икки нафар ҳуқуқбузар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми асосида маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳар бир ҳуқуқбузарга 10 миллион 300 минг сўм миқдорида жарима белгиланиб, табиатга етказилган зарар 9 миллион 805 минг сўмдан ҳисобланди.
Шу каби назорат тадбири Ромитан тумани Экология бўлими, Бухоро давлат ўрмон хўжалиги ходимлари ҳамда туман идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлими вакиллари иштирокида ҳам ўтказилди.
Рейд жараёнида Газли шаҳар Учқур чўл ҳудудида давлат рақамисиз ҳаракатланаётган автомашина тўхтатилди. Текширув давомида ушбу транспорт воситасида ўрмон фонди ерларидан ноқонуний равишда қазиб олинган саксовул ўсимликлари олиб кетилаётгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат бўйича Пешку туманида яшовчи фуқаро Ў.Б.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шунингдек, унга жарима қўлланилиб, табиатга етказилган зарар 10 миллион 370 минг сўм этиб белгиланди.
Мутахассислар таъкидлашича, саксовул чўл экотизимининг энг муҳим ўсимликларидан бири ҳисобланади. Саксовулзорлар кўчма қумларни мустаҳкамлайди, чўлланиш жараёнини секинлаштиради ва шамол таъсирини камайтиради. Уларнинг мавжудлиги туфайли ҳавога туз ва қум заррачаларининг кўтарилиши олди олинади, чанг тўзонлари камаяди.
Айниқса, етти ёшли саксовулзорлар шамол тезлигини деярли бутунлай тўхтатиш хусусиятига эга. Бир туп саксовул ўсимлиги тўрт тонна кўчувчи қумни ушлаб қолиши мумкин. Шунингдек, бир гектар саксовулзор бир йилда 1135 килограмм карбонат ангидрид газини ютиб, 835 килограмм кислород ажратади. Бу эса ҳаво сифатини яхшилаш, экологик мувозанатни сақлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА