Нукусда фан олимпиадаси бўлиб ўтди
Ажиниёзномидаги Нукус давлат педагогика институтида умумтаълиммактабларининг битирувчи синфўқувчилари ўртасида математика бўйича II Губкин фан олимпиадаси бўлибўтди.
Олимпиада И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали томонидан ташкил этилган бўлиб, мамлакатимиз бўйлаб иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, мактаб ва олий таълим тизими ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фан олимпиадаси бир вақтнинг ўзида икки ҳудудда – Нукус ҳамда Тошкент шаҳарларида ўтказилди.
Тантанали очилиш маросими икки шаҳар ўртасидаги онлайн видео-конференс-алоқа орқали ўтказилди. Унда университетнинг Тошкент шаҳридаги филиали ижрочи директори Абдулла Магрупов, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Айбек Даулетбаев, институт ректори в.б. Қувондиқ Қодиров сўзга чиқиб, барча иштирокчиларга омад тилади.

Тадбир доирасида рус тили фани бўйича ўтказилган фан олимпиадасининг ғолиблари бўлган ўқувчи-ёшларга университетга давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги сертификатлар топширилди.

Очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар математика фанидан олимпиада топшириқларини бажаришга киришди. Унинг шартларига кўра, ғолиб ва совриндорлар университет сертификатлари билан тақдирланади ҳамда уларга имтиҳонларсиз ўқиш имконияти берилади. Шунингдек, юқори натижа кўрсатган иштирокчилар тўплаган балларини кириш имтиҳонлари натижаси сифатида ҳисоблаш имкониятига эга бўлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА