Билимли ва фаол ёшлар эътироф этилди
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ва иқтисодий саводхонлигини ошириш, мустақил фикрлайдиган ва юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси юқори бўлган ёшларни тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Шу мақсадда Солиқ қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган “Солиқ билимлари – ёш авлодга” кўрик-танлови ёшларнинг билим ва салоҳиятини намоён этишда муҳим майдон бўлди. Танловнинг қуйи босқичларида Бухоро вилоятининг 500 дан ортиқ умумтаълим мактабларидан икки минг нафарга яқин ўқувчилар иштирок этиб, ўз билим ва иқтидорини синовдан ўтказди.

Шу муносабат билан Бухоро вилояти солиқ бошқармасида бошқарма раҳбарияти ҳамда шахсий таркиб иштирокида иқтидорли ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган мулоқотда ўқувчиларнинг солиқ соҳасидаги билимлари, фаоллиги ва интилишлари юқори баҳоланди.
Учрашувда мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, улар учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида атрофлича сўз юритилди. Тадбир давомида ёшларга келажакда ўз устида мунтазам ишлаш, билим олишдан тўхтамаслик, Ватан равнақи учун муносиб ҳисса қўшиш каби эзгу тилаклар билдирилди.

Тадбир якунида кўрик-танловда муваффақиятли иштирок этган ўқувчиларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Бу эътироф ёшлар учун катта рағбат ва келгуси ютуқлар сари мустаҳкам қадам бўлди.
Бугун билимли, ташаббускор ва фидойи ёшлар юртимизнинг эртанги таянчи ҳисобланади. “Солиқ билимлари – ёш авлодга” танлови эса ана шундай ёшларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва келажакка ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Зариф Комилов, ЎзА