“ROAD 24” бренди давлат рўйхатидан ўтказилди
Давлат хизматларини рақамлаштириш ва фуқароларга қулайлик яратишга қаратилган “ROAD 24” мобил иловаси Адлия вазирлиги томонидан товар белгиси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур илова йўл ҳаракати соҳасида ҳайдовчилар учун бир қатор қулайликларни тақдим этмоқда. Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарималарни онлайн текшириш, жарималарни масофавий ва хавфсиз тўлаш, ҳайдовчилар учун муҳим билдиришномаларни тезкор қабул қилиш кабилар шулар жумласидандир.
Товар белгисининг рўйхатга олиниши “ROAD 24” иловасининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлайди. Бу эса фойдаланувчиларни сохта ва фирибгарлик мақсадида яратилган иловалардан ҳимоя қилиш, хизмат сифатини ошириш ҳамда бренд эгасининг ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади.
Шунингдек, товар белгиларига бўлган ҳуқуқ ариза топширилган сана билан белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, товар белгиси биринчи бўлиб ҳужжат топширган шахс ёки ташкилот номига расмийлаштирилади.
Қонунчиликка кўра, товар белгиси гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади ҳамда унинг амал қилиш муддати ҳар сафар 10 йилга узайтирилиши мумкин.
Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун аризани Адлия вазирлигининг im.adliya.uz портали орқали онлайн топшириш мумкин.
Н.Абдураимова, ЎзА