Санитария талаблари рақамлаштирилмоқда – тадбиркорлар учун янги имкониятлар
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан соҳани рақамлаштириш орқали тадбиркорларга енгиллик яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Гигиеник ўқитиш жараёнларини замонавийлаштириш мақсадида ишга туширилган study.sanepid.uz онлайн платформаси бу йўлдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Янги рақамли платформа масофавий ўқитиш имкониятини тақдим этиб, корхона ва ташкилотларнинг вақтини тежаш ва ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ҳозирча платформа орқали озиқ-овқат саноатининг энг муҳим бўғинлари — гўшт, сут, нон ва ун маҳсулотлари, шунингдек, биологик фаол қўшимчалар ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ходимлари касбий-гигиеник тайёргарликдан ўтказилади.
Ушбу тизимнинг жорий этилиши натижасида ўқув курсларини якунлаб, тест синовларидан муваффақиятли ўтган ходимларга QR-кодли сертификатлар автоматик тарзда тақдим этилади. Бу эса ҳужжатларни қалбакилаштириш хавфини йўқотади.
Иш берувчилар ўз ходимларининг ўқиш даражасини ва сертификатлари муддатини онлайн тарзда кузатиб бориш имконига эга бўлади.
Тизим назорат органлари билан ишлашда шаффофликни оширади ва текширув жараёнларида юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларни бартараф этади.
Санитария минимуми шунчаки расмиятчилик эмас, балки аҳоли саломатлигига бевосита таъсир қилувчи профилактика чорасидир. Шу боис, Қўмита барча тадбиркорлик субъектларини мазкур платформа орқали ҳамкорлик қилишга чақиради.
Ҳамкорлик доирасида корхоналар учун алоҳида аналитик маълумотлар ва ҳисоботлар тақдим этиш тизими йўлга қўйилган. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнида санитария меъёрларига риоя этилишини юқори босқичга олиб чиқишга имкон беради.
Янги рақамли ечим нафақат бизнес вакилларига қулайлик яратади, балки истеъмолчиларга етказиб берилаётган маҳсулотларнинг хавфсизлигини кафолатлашда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Маълумот учун, машғулотлар тўлов-шартнома асосида, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхоналар учун онлайн форматда амалга оширилади. Қўшимча маълумотларни study.sanepid.uz сайтидан олиш мумкин.
Моҳигул Қосимова, ЎзА