Талабалар "Ўзсувтаъминот" масъуллари билан учрашди
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда жамият тараққиётидаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Президент ташаббуси билан пайшанба "Ёшлар куни" сифатида белгилангани эса бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқди. Айниқса, турли соҳалар раҳбарларининг ёшлар билан очиқ мулоқотлари уларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай тадбирлар доирасида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти таклифига биноан соҳа вакиллари билан учрашувда иштирок этди.

Самимий ва очиқ руҳда ўтган мулоқотда жамият бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аҳмад Сувонқулов сув таъминоти соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимдаги янгиланишлар ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берди. Таъкидланганидек, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, инфратузилмани модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.
Талабалар томонидан берилган саволлар орқали соҳанинг турли жиҳатлари, жумладан, ичимлик суви таъминоти, халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ва ёш мутахассислар учун яратилаётган имкониятлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Учрашувнинг мантиқий давоми сифатида талабалар мутахассислар ҳамроҳлигида “Бўзсув” бош сув иншоотига ташриф буюрди. У ерда улар сувни тозалаш, лаборатория назоратидан ўтказиш ва аҳолига етказиб беришгача бўлган жараёнлар билан бевосита танишди. Амалий кузатувлар ёшларда катта таассурот қолдириб, назарий билимларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олиб, ичимлик сувининг ҳар бир томчиси қандай меҳнат ва масъулият эвазига етиб келишини кузатди. Бу эса уларда сув ресурсларини тежаш, уни асраб-авайлаш ва қадрлаш каби муҳим тушунчаларни шакллантиришга хизмат қилади.

Аҳмад Сувонқулов учрашув давомида ёшларнинг билим олишга интилиши ва ташаббускорлигини алоҳида таъкидлаб, улар мамлакат келажагининг асосий таянчи эканини қайд этди.
Тадбир якунида бундай учрашувлар нафақат мулоқот, балки амалий тажриба алмашиш майдонига айланаётгани, бу эса ёшларнинг дунёқараши ва касбий қизиқишларини кенгайтиришда муҳим ўрин тутаётгани алоҳида эътироф этилди.

Нилуфар Бозорова, ЎзА