Рейд давомида ҳайвонот дунёсига 683 миллион 920 минг сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланди
Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги Қоровултепа маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси бўйида Навоий вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси давлат инспекторлари ҳамда туман ички ишлар бўлими ходимлари иштирокида навбатдаги тунги рейд ўтказилди.
Рейд давомида тўрт нафар ҳуқуқбузар дарёда тақиқланган электр қурилмалари ёрдамида ноқонуний балиқ овлаётгани аниқланди. Инспекторлар уларни тўхтатишга уринган вақтда ҳуқуқбузарлар давлат инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан воқеа жойидан қочиб кетишди. Шунга қарамай, улар фойдаланган ноқонуний ов қуроллари ҳамда овланган балиқлар далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Рейд жараёнида икки дона резина қайиқ, тўрт дона эшкак, тўрт дона автомобиль аккумулятори, электр токи орқали овлаш учун мослаштирилган икки дона қўлбола қурилма, бир дона махсус насос, бир дона мобил телефон ҳамда ноқонуний овланган балиқлар аниқланди. Энг ачинарлиси, улар орасида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган тўққиз дона Туркистон мўйловдори ҳам борлиги маълум бўлди.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, ушбу ноқонуний ҳаракатлар натижасида ҳайвонот дунёсига 683 миллион 920 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли органларга юборилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири