Рақс санъати ва анъаналар: Хоразмда халқаро форумга тайёргарлик авжида
Маълумки, жорий йилнинг 25-30 апрель кунлари Хива шаҳрида “Лазги” III халқаро рақс фестивали бўлиб ўтиши кутилмоқда. Эътиборли жиҳати, мазкур йиғин доирасида ўтказиладиган “Жаҳон маданий тараққиётида рақс санъати: анъана ва умумбашарий қадриятлар” мавзусидаги нуфузли илмий-амалий конференцияга ҳам тайёргарлик ишлари авжида.

Ушбу форум Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Хорaзм вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда Ҳиндистон, Покистон, Миср, Туркия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон каби ўндан ортиқ давлатлардан соҳа мутахассислари ва олимлар иштирок этиши кутилмоқда. Конференция дастуридан рақс санъатининг тарихий-фалсафий илдизлари, “Лазги” рақсининг лингвокултурологик хусусиятлари ҳамда унинг жаҳон маданиятидаги ўрнини тадқиқ этувчи 50 дан ортиқ илмий маърузалар ўрин олган.
– Бугунги кунда анжуманнинг шўъба йиғилишларини юқори савияда ташкил этиш ва хорижлик меҳмонларни муносиб кутиб олиш бўйича сўнгги тайёргарлик ишлари якунланмоқда, -дейди ташкилий ишчи гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон давлат хореография академиясининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нозим Қосимов. – Бизнинг асосий мақсадимиз - “Лазги” рақс санъатини нафақат миллий мерос, балки бағрикенглик ва умумбашарий қадриятлар уйғунлигини ифодаловчи ноёб феномен сифатида дунё илмий ҳамжамиятига кенг таништиришдир.

Икки кун давом этадиган ушбу халқаро форум доирасида ялпи мажлислар ва илмий мунозаралар билан бирга, “Лазги” рақсининг замонавий саҳнавий талқинлари ҳамда унинг болалар фолклоридаги мифологик-эстетик хусусиятлари ҳам муҳокама қилинади.
Бу йилги конференция ўзининг географияси ва мазмун-моҳияти билан алоҳида ажралиб туради. Ҳиндистон, Покистон ва Миср каби давлатлардан келган олимлар “Лазги” ва шарқ классик рақслари ўртасидаги тарихий боғлиқликни таҳлил қилсалар, Туркия, Озарбайжон ва Қозоғистон вакиллари туркий халқлар маданиятида рақс санъатининг интеграциялашуви масалаларини муҳокама қиладилар. Шунингдек, Россия, Қирғизистон, Туркманистон ва Швециядан келадиган экспертлар халқ рақсларининг замонавий социомаданий жараёнлардаги ўрни ҳақида маърузалар қилиши кутилмоқда.
Асрор Аллаёров,
журналист