“Ёш китобхон” танлови ғолиблари аниқланди
Сирдарё вилояти Ёшлар марказида ўтказилган “Ёш китобхон” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бу сафар ҳам оддий мусобақа эмас, балки ёшлар интеллектуал салоҳияти, дунёқараши ва адабиётга бўлган юксак қизиқиши намоён бўлган ҳақиқий билимлар майдонига айланди.
Сўнгги йилларда юртимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларни мутолаага кенг жалб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Бу эса “Ёш китобхон” каби танловларнинг аҳамиятини янада ошириб, уларни ёшлар ўртасида интеллектуал рақобатни шакллантирувчи муҳим платформага айлантирди.
Муҳими, Ёшлар ишлари агентлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилаётган ушбу танлов йилдан йилга кенгайиб, иштирокчилар сони ортиб бормоқда. Агар ўтган йилда ҳудудий босқичларда қарийб 11 минг нафар ёш иштирок этган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 15 минг нафардан ошди. Улар орасидан сараланган 33 нафар билимдон ёш вилоят босқичида ўз билим ва иқтидорини намоён этди.
Беллашувлар 10–14, 15–19 ва 20–30 ёш тоифаларида ташкил этилди. Иштирокчилар “бадиий асарлар билимдони”, тезкор савол-жавоб ва мантиқий фикрлашга доир мураккаб шартлар асосида синовдан ўтказилди. Саволлар нафақат билим, балки таҳлилий фикрлаш ва тезкор қарор қабул қилиш қобилиятини ҳам талаб этди.
[gallery-28927]
Танлов давомида иштирокчилар ўз билимларини ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналари асосида намоён этдилар. Хусусан, Чингиз Айтматов, Абдулла Қодирий, Тоғай Мурод, Муҳаммад Юсуф каби адиб ва шоирлар ижодига доир саволлар танловнинг асосий йўналишларидан бири бўлди.
Ҳар бир жавоб аниқлик, тезкорлик ва таҳлилий ёндашув асосида баҳоланди. Баҳолаш жараёнида пойтахтдан ташриф буюрган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Эшқобил Шукур ҳамда “Маърифат” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Нишонов иштирок этиб, холислик ва адолат тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда баҳолаш ишларини олиб боришди.
Тадбир давомида иштирокчиларнинг билим даражаси, фикрлаш тезлиги ва адабиётга бўлган муносабати яққол намоён бўлди. Танлов нафақат ғолибларни аниқлаш, балки ёшлар ўртасида соғлом интеллектуал муҳитни шакллантиришга хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Танлов натижаларига кўра, 10–14 ёш тоифасида Гулистон шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси Иномжон Марқабоев, 15–19 ёш тоифасида эса Гулистон шаҳри вакили Севинч Самандарова, 20–30 ёш тоифасида эса Гулистон шаҳридан Муниса Ҳасанбоева биринчи ўринни қўлга киритди.
Танлов якунига кўра, 1-ўринни қўлга киритганларга республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи диплом, 2 ва 3-ўрин соҳибларига эса диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА