Орзулар сари изланаётган ёшлар
Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими, Андижон давлат университети, Андижон давлат педагогика институти, Андижон санъат техникуми, ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги “Жоме” меъморий мажмуасида мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали” ҳафталиги доирасида тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазма очилишига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Расулжон Исманов ва бошқалар мамлакатимизда ижодкор ёшларнинг пухта билим олиши, ўз иқтидор ва истеъдодларини юксалтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётганлиги, хусусан, “Халқаро тасвирий ва амалий санъат ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар иштирокчиларнинг ижодий салоҳиятларини тўлақонли намоён этишларига кенг имкониятлар эшиги очиб бераётганлиги ҳақида сўз юритди.
Кўргазмада иштирокчилар ўзларининг Ватан, истиқлол, тарихий обидалар, табиат гўзалликлари, қаҳрамон замондошларимиз ва бошқа турли мавзулардаги ранг-баранг расмлари, амалий санъат асарлари билан иштирок этди.
– Кўргазмада миллий кўринишдаги ҳайкалтарошлик асарларим билан иштирок этяпман, – дейди Андижон давлат университети Тасвирий ва амалий санъат факультети 1-босқич талабаси Азизахон Абдураҳмонова. – Тасвирий санъат ҳафталиги доирасида ўтказилаётган ушбу кўргазма мен каби ёш ҳайкалтарош ва мусаввирлар учун тажриба ва маҳорат мактабига айланди.
Кўргазмада таниқли мусаввир Мурод Умар, Андижон давлат университети тасвирий ва амалий санъат йўналиши талабаси Муҳаммаджон Адҳамжонов, Андижон давлат педагогика институти тасвирий санъат йўналиши талабаси Сарвиноз Абдуллаева, Булоқбоши туманидаги 14-сон мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Меҳрибон Шаробиддинова, Эътибор Ойбекова сингари ижодкорларнинг ижодий ишлари кўпчиликка манзур бўлди.
– Юртдошларимиз, тенгдошларим ижодий ишларимиздан завқ олса, хурсанд бўламан. Келажакда машҳур рассом бўлиш, тасвирий санъат йўналишида халқаро кўргазмаларда қатнашиб, юртимиз шуҳратини юксакларга кўтаришни мақсад қилганман. Бунинг учун бугун пухта билим олиб, устозларимдан тасвирий санъатнинг ўзига хос, нозик жиҳатларини пухта ўрганишга, турли кўргазма ва танловларда фаол иштирок этишга ҳаракат қиляпман, – дейди Булоқбоши туманидаги 14-сон мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Меҳрибон Шаробиддинова.
Кўргазмада намойиш этилган тасвирий санъат, шу билан бирга, амалий санъат, ҳайкалтарошлик, хаттотлик йўналишларидаги аксарият ижодий ишлар мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Шу билан бирга устоз-шогирд анъаналари асосида таниқли рассомлар ёшларга ўз тажрибаларини ўргатиб, маҳорат сабоқлари ўтказди.
Мазкур кўргазмалар ҳафта охирига қадар давом этади.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.