Қуёш ва шамол Европада электр нархини кескин туширди
Европада қайта тикланувчи энергия манбалари қўллаб-қувватланиши натижасида электр энергияси нархи сезиларли даражада арзонлашди. Таҳлилга кўра, 2023-2025 йиллар оралиғида айрим мамлакатларда электр нархи ўртача қарийб 25 фоиз тушган. Бу ҳолат нисбатан қиммат газ ва нефть бозорига боғлиқликни юмшатмоқда.
Айниқса, Испания ва Буюк Британия мисолида бу тенденция яққол кўринади. Испания сўнгги йилларда шамол ва қуёш энергетикаси қувватини кескин оширди. Натижада электр нархи газ ўзгаришига камроқ боғлиқ бўлиб қолди. Буюк Британияда эса шамол энергетикасидан фойдаланиш рекорд даражага чиқиб, миллионлаб уйни энергия билан таъминлаш имкони ошди.
Мутахассислар қайд этишича, қуёш ва шамол энергетикаси нафақат экологик, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали. Масалан, қуёш энергияси туфайли Европа кунига юз миллионлаб евро тежамоқда. Энергия бозорига босим сақланса, 2026 йил умумий тежамкорлик ўнлаб миллиард евродан ошиши мумкин.
Албатта, муаммолар ҳам йўқ эмас. Айрим мамлакатларда электр нархини газдан тўлиқ ажратиш жараёни ҳали бошланғич босқичда. Экспертлар энергия сақлаш технологияси, батарея ва гибрид тизимни ривожлантириш орқали жараённи тезлаштириш мумкинлигини таъкидламоқда. Шу тариқа кўҳна қитъада энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаб, иқтисодий барқарорликни таъминлаш мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА