Ливан ва Исроил ўртасидаги сулҳ узайтирилди
АҚШ воситачилигида Оқ уйда ўтган музокаралар Яқин Шарқдаги давомли можарога вақтинчалик ечим таклиф этди. Унга кўра, Исроил ва Ливан ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви уч ҳафтага узайтирилди.
Қўшма Штатлар президенти Дональд Трампнинг воситачилигида Оқ уйда ўтказилган муҳим музокаралар якунида Исроил ва Ливан ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви яна уч ҳафтага узайтирилди. Ушбу учрашувда Исроилнинг АҚШдаги элчиси Ечил Лейтер ва Ливан элчиси Нада Мовад иштирок этиб, томонлар зўравонлик даражасини пасайтириш ва келажакда мустаҳкам тинчлик битимига эришиш имкониятларини муҳокама қилишди.
Трамп ушбу келишув минтақадаги кескинликни юмшатишига ишонч билдириб, яқин орада Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Ливан етакчиси Жозеф Аун билан учрашишини маълум қилди.
Гарчи аввалги 10 кунлик сулҳ кескинликни бироз камайтирган бўлса-да, жанубий Ливан ҳудудида тўқнашувлар ҳамон кузатилмоқда. Исроил хавфсизлик мақсадида Ливан ичкарисида 5–10 километрлик “буфер зона”ни назорат остида ушлаб турибди ва маҳаллий аҳолини бу ҳудудга яқинлашмаслик ҳақида огоҳлантирган.
Ливан томони кейинги музокараларда Исроил қўшинларини олиб чиқиш ва давлат чегараларини аниқлаштириш масаласини илгари сураётган бўлса, Исроил асосий эътиборни «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи фаолиятини чеклашга қаратмоқда.
Афсуски, март ойининг бошидан буён давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар Ливанда қарийб 2,5 минг кишининг ҳаётига зомин бўлди. “Ҳизбуллоҳ” вакиллари Исроил келишув шартларига тўлиқ амал қилса, сулҳни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирган.
Фардона Яхшибоева, ЎзА