Қишлоқ хўжалигида рақамли ечимлар: аграр соҳадаги янги имкониятлар намойиш этилмоқда
Технологиялар ҳаётимизнинг деярли барча жабҳаларига кириб бормоқда.
Бугун қишлоқ хўжалигида ҳам рақамли ечимлардан фойдаланиш орқали ресурсларни тежаш, маълумотлар асосида қарор қабул қилиш ва фермерларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Пойтахтимизда бошланган “ICTWEEK Uzbekistan – 2026” ҳафталиги ана шу жараёнларнинг муҳим майдонига айланмоқда. Мамлакатдаги йирик технологик тадбирлардан бири бўлган ҳафталикда рақамли технологиялар соҳасидаги сўнгги ишланмалар, инновацион ечимлар ва илғор тажрибалар намойиш этилмоқда.
Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни рақамлаштириш маркази ҳам ўз ишланмалари ва рақамли ечимлари билан иштирок этмоқда.
Хўш, аслида рақамли технологиялар аграр соҳага нима беради?
Бугун қишлоқ хўжалигида рақамлаштириш нафақат замонавий дастурлардан фойдаланиш, балки тармоқни бошқаришнинг янги усулларини жорий этишни ҳам англатади. Маълумотлар билан ишлаш, электрон хизматлар ва замонавий технологик ечимлар фермерлар ҳамда тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратмоқда.
Агросаноатни рақамлаштириш марказининг “ICTWEEK Uzbekistan – 2026”даги иштироки аграр соҳада рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, ахборот технологияларини қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш ва тармоқ бошқарувини янада самарали ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратиш имконини бермоқда.

Ҳафталик доирасида ташриф буюрувчилар агросаноат тармоғида рақамлаштириш орқали яратилаётган имкониятлар, электрон хизматлар ва замонавий технологик ечимлар билан танишишлари мумкин. Бу жараённинг аҳамияти шундаки, рақамли технологиялар қишлоқ хўжалигида ресурслардан самарали фойдаланиш, қарор қабул қилишни тезлаштириш ва фермерларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
“ICTWEEK Uzbekistan – 2026” ҳафталиги 25 сентябрга қадар давом этади. Унда рақамли технологиялар, стартаплар, инвестициялар ва инновацион ечимларга бағишланган қатор тадбирлар ўтказилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА