Сенатор сўрови: тиббиёт чиқиндилари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш зарур
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиологик барқарорлик ва экологик хавфсизликни таъминлаш, тиббиёт чиқиндиларини хавфсиз тўплаш, ташиш ва зарарсизлантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ, жойларда сенаторлар томонидан маҳаллий кенгашлар депутатлари билан бирга ўтказилган ўрганишлар тиббиёт чиқиндилари билан боғлиқ айрим муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.
Жумладан, тиббиёт чиқиндиларини очиқ усулда ёки маиший чиқиндилар билан бирга ёқиш, маиший чиқинди сифатида санитария-тозалаш корхоналарига топшириш каби ҳолатлар учраб турибди.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси А.Тўйчиев соғлиқни сақлаш вазирига сенатор сўрови юборди.
Сенатор сўровида тиббиёт чиқиндиларининг кунлик ҳажми бўйича ягона электрон ҳисобини юритиш ҳамда бундай чиқиндиларни белгиланган тартибда қайта ишлаш корхоналарига тўлиқ йўналтириш бўйича амалга оширилган ишларга эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, тиббиёт чиқиндиларини тўплаш, ташиш, сақлаш, зарарсизлантириш, утилизация ва қайта ишлаш талабларига риоя этилишини таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ҳам маълумот бериш сўралган.
Н.Абдураимова,
ЎзА