Қўйлиқ ота маҳалласида “Ҳуқуқ-тартибот маскани” барпо этилмоқда
Маҳаллаларнинг обод, тоза-озода ва тинч-осойишта бўлиши аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат тартибини мустаҳкамлашда муҳим омиллардан. Айниқса, қаровсиз ҳудудларни ободонлаштириш ва ёритиш тизимлари билан доимий таъминлангани турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликлар ва майда безорилик ҳамда бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш имкониятини кенгайтиради.
Бу борада пойтахт ҳудудларида олиб борилаётган чора-тадбирлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатларининг доимий диққат-марказида. Жумладан, Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига сайланган депутат Севара Файзиева Қўйлиқ ота маҳалласида аҳоли томонидан кўтарилаётган долзарб масалаларни доимий равишда ўрганиб, уларнинг ечими юзасидан амалий ташаббусларни илгари суриб келмоқда.
Хусусан, маҳалла аҳолиси билан ўтказилган учрашувлар ва ўрганишлар давомида ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда фуқароларга ҳуқуқий ва амалий кўмак кўрсатиш учун замонавий инфратузилмага эҳтиёж мавжудлиги аниқланган. Мазкур масала депутат ташаббуси асосида тегишли тартибда кўриб чиқилиб, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли қарорига мувофиқ маблағ ажратилди. Шу асосда Қўйлиқ ота маҳалласида “Ҳуқуқ-тартибот маскани”ни барпо этиш ишлари бошланди.
Яқинда ушбу ташаббус доирасида амалга оширилаётган қурилиш ишлари депутат ҳамда туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Насриддинов, маҳалла раиси Дилфуза Раҳимова ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида, аввало, “Ҳуқуқ-тартибот маскани” қурилишининг сифати, белгиланган талаблар асосида олиб борилаётгани ва объектда фуқаролар учун зарур шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, Қўйлиқ ота маҳалласида ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган бундай инфратузилманинг ташкил этилиши муҳим аҳамиятга эга. Янги маскан фуқароларнинг мурожаатлари билан манзилли ишлаш, профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш ва маҳаллада жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, ўрганиш давомида маҳалладаги хавфсизлик масаласи фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти билан чекланмаслиги таъкидланди. Хусусан, ички кўчаларнинг ҳолати, қаровсиз ва тартибсиз бўлиб ётган айрим ҳудудларни ободонлаштириш, тунги ёритиш тизимини яхшилаш ҳамда назоратни кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Айрим камчиликларни бартараф этиш, қурилиш ишларининг сифатли ва белгиланган талаблар асосида амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, маҳалла ҳудудини ободонлаштириш ва ёритиш бўйича масъул мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА