Президент Шавкат Мирзиёев Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида нутқ сўзламоқда
Давлатимиз раҳбари Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга мазкур форумга таклиф этгани ва самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Танзания Президенти Самия Сулуҳу Ҳасанни, Хитой Халқ Республикаси Раиси ўринбосари Хан Чженни қутлади.
–Ўзининг ўттиз йиллик фаолияти давомида жаҳон миқёсидаги энг муҳим масалалар юзасидан фикр алмашиш бўйича нуфузли ва зарур мулоқот майдонларидан бирига айланган Петербург халқаро иқтисодий форумида иштирок этиш мен учун катта шарафдир.
Ўзбекистон билан тарих, маънавий яқинлик ва инсоний тақдирлар орқали боғланган Россиянинг маданий пойтахти – Санкт-Петербург шаҳрида бугун яна бир бор бўлиб турганимдан ғоят хурсандман.
Урушнинг оғир йилларида кўплаб ўзбекистонликлар Ленинград мудофаасида қатнашган, Тошкент эса бир ярим миллион нафардан ортиқ эвакуация қилинган болалар, аёллар ва кексаларга бошпана берган эди. Бу ҳақдаги хотира умумий маънавий маконимизнинг бир қисми бўлиб қолмоқда, – деди Президентимиз.
ЎзА