Фориш лойиҳаси: Ўзбекистоннинг атом энергетикаси даври бошланмоқда
Жаҳон иқтисодиётида кечаётган трансформация жараёни, саноатлашувнинг янги босқичи ва рақамли иқтисодиёт жадал ривожланиши давлатлар олдига энергетика хавфсизлигини таъминлаш масаласини устувор вазифа сифатида қўймоқда. Электр токига талаб изчил ортиши шароитида барқарор, самарали ва узоқ муддатли энергия манбаларини шакллантириш иқтисодий тараққиётнинг муҳим шартига айланмоқда.
Шу нуқтаи назардан Жиззах вилояти Фориш туманида интеграциялашган атом электр станцияси қурилишига старт берилиши нафақат соҳада муҳим воқеа, балки мамлакатимизнинг технология модернизацияси ва саноат тараққиёти йўлидаги дадил қадам сифатида баҳоланмоқда.
2026 йил 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин иштирокида мазкур лойиҳанинг биринчи мажмуаси қурилиши расман бошланди. Ушбу воқеа икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабати амалиётда янги мазмун билан бойиб бораётганини намоён қилди. Айниқса, тадбирда Халқаро атом энергетикаси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси иштирок этиши лойиҳанинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини кўрсатади.
Энергетика хавфсизлигидан технология тараққиётигача
Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги “Шарқ мамлакатлари ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлилий маркази” директори, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Адҳамжон Мамаджонов мавзуни таҳлил қиларкан, Форишда барпо этиладиган АЭС шунчаки энергетика объекти эмаслигига эътибор қаратиб, ушбу мажмуа юртимиз энергетика мустақиллигини мустаҳкамлаш, иқтисодиётимиз барқарор ўсишини таъминлаш ва юқори технология тармоғини ривожлантиришга хизмат қилувчи кўп қиррали стратегик инфратузилма эканини таъкидлади.
Бугун юртимизда электр энергиясига эҳтиёж йил сайин ошмоқда. Янги саноат корхоналари ишга туширилиши, аҳоли сони ўсиши, шаҳарлашув жараёни жадаллашиши ҳамда рақамли иқтисодиёт кўлами кенгайиши энергетика тизими олдига мутлақ янги вазифалар қўймоқда.
Шу боис ҳукуматимиз энергетика мувозанатини ушлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳалари билан бир қаторда атом энергетикасини ривожлантириш ҳам айни стратегиянинг муҳим таркибий қисмидир.
XXIX Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, сўнгги йилларда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари ҳисобига диёримизда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 58 миллиард киловатт-соатдан 87 миллиард киловатт-соатга етказилди. 2030 йилгача бу кўрсаткични 120 миллиард киловатт-соатга етказиш режалаштирилган. Мазкур миқдорнинг 54 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ташкил қилиши зарур. Бу мақсадга эришишда атом энергетикаси ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Интеграция йўлидаги ноёб тажриба
Фориш лойиҳасининг энг муҳим жиҳатларидан бири интеграциялашган технология модели асосида қурилаётганидир. Ташаббус доирасида икки ВВЭР–1000 туридаги йирик қувватли ҳамда икки РИТМ–200Н кичик модулли реакторлар ягона мажмуа таркибини ҳосил қилади. Бундай ёндашув бир йўла икки муҳим вазифани ҳал қилиш имконини беради.
Биринчи йўналиш мамлакатнинг узоқ муддатли электр энергияси эҳтиёжини қондиришга хизмат қилувчи йирик генерация қувватини шакллантиришдан иборат.
Иккинчи йўналиш эса келажак атом энергетикасининг муҳим унсури сифатида кўрилаётган кичик модулли реакторлар технологиясини ўзлаштириш ҳисобланади.
Натижада Ўзбекистон нафақат энергия ишлаб чиқарувчи янги объект барпо этади, балки замонавий атом технологиялари соҳасида миллий малака шакллантиришга муваффақ бўлади. Бу эса илмий-тадқиқот, муҳандислик ва инновация салоҳиятини мутлақ янги босқичга олиб чиқади.
Янги саноатлашув учун мустаҳкам пойдевор
Расмий маълумотга кўра, АЭС тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига умумий эҳтиёжнинг салмоқли қисмини қоплайдиган тахминан 17,2 миллиард киловатт-соат ток ишлаб чиқариши кутиляпти. Бинобарин, лойиҳанинг аҳамияти фақат энергия ишлаб чиқариш билан чекланмайди.
АЭС қурилиши маҳаллий саноат корхоналарини халқаро кооперация занжирига улаш, технология трансфери занжирини мустаҳкамлаш, юқори малакали муҳандис ва техник мутахассислар тайёрлаш ҳамда миллий илмий мактаблар фаолиятини такомиллаштириш учун кенг имконият яратади.
Жаҳон тажрибаси кўрсатадики, атом энергетикаси устувор юртларда юқори технологияли ишлаб чиқариш тармоғи тез суръатда ривожланади. Зеро, мазкур соҳада металлургия, машинасозлик, электроника, рақамли бошқарув тизими ва илмий тадқиқот бир-бири билан узвий боғлиқ. Шу маънода Фориш АЭС Ўзбекистон янги саноатлашув босқичига ўтиши учун муҳим пойдевор вазифасини бажаради.
Минтақавий тараққиёт ва инвестиция жозибадорлигининг янги нуқтаси
Фориш туманида атом электр станцияси қурилиши Жиззах вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жаҳон амалиётидан маълумки, йирик энергетика лойиҳалари атрофида янги саноат ҳудудлари, хизмат кўрсатиш тармоғи ва замонавий инфратузилма шаклланади. Натижада муайян ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги ошиб, иқтисодий фаоллик кучаяди.
Форишда амалга оширилаётган лойиҳа ҳам шундай ижобий таъсирга эгалиги шубҳасиз. Қурилиш жараёнининг ўзидаёқ минглаб иш ўрни яратилади, янги йўллар, муҳандислик коммуникациялари, ижтимоий объектлар ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси барпо этилади. Кейинги босқичларда юқори малакали кадрларга нисбатан эҳтиёж маҳаллий таълим муассасалари ва илмий марказлари ривожланишига туртки беради.
Муҳими, барқарор энергия таъминоти сармоядорлар учун асосий омиллардан биридир. Электр энергияси узлуксиз ва ишончли етказиб бериладиган ҳудудларда саноат корхоналари, технопарклар, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш корхоналари вужудга келади. Шу маънода Фориш АЭС келгусида бутун вилоят иқтисодий қиёфасини тубдан ўзгартира оладиган стратегик лойиҳадир.
Шериклик мазмуни
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабат кўп йиллик тарихга эга. Бинобарин, аввал ушбу ҳамкорлик асосан савдо-иқтисодий алоқа билан чекланган бўлса, энди юқори технология, саноат кооперацияси ва энергетика хавфсизлиги ҳисобига кенгаймоқда.
Фориш АЭС мавжуд шерикликнинг энг йирик ва стратегик аҳамиятга эга намунаси ҳисобланади. Лойиҳа ўзаро муносабатни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда. Умуман, бу жараён оддий иқтисодий келишув эмас, балки ўнлаб йилга мўлжалланган технологик ва институционал алоқаларни назарда тутади.
Лойиҳа ташқи сиёсатимизнинг прагматик хусусиятига ҳам мос. Мамлакатимиз халқаро ҳамкорликни сиёсий шиорлар эмас, балки аниқ иқтисодий самара, технология янгиланиши, миллий манфаат нуқтаи назаридан баҳолайди.
Халқаро хавфсизлик стандарти – ишонч омили
Атом энергетикаси ҳақида сўз кетганда хавфсизлик масаласи биринчи ўринга чиқади. Шу боис Фориш АЭС лойиҳаси халқаро стандарт асосида амалга оширилаётгани алоҳида аҳамиятга эга.
Расмий маълумотга кўра, объект қурилишида ХАЭА тавсияси ва дунё миқёсида эътироф этилган хавфсизлик мезонига таянилади. Яъни, ташаббус шаффоф, халқаро меъёрга мувофиқ амалга оширилади.
Лойиҳага старт бериш маросимида Рафаэль Гросси иштирок этиши халқаро ҳамжамият томонидан мазкур ғояга ишончнинг муҳим кўрсаткичи сифатида баҳоланмоқда. Бундай ёндашув Ўзбекистоннинг юқори технологияли ва стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни халқаро ҳамкорлик асосида амалга ошириш сиёсатига содиқлигини намоён қилади.
Марказий Осиё энергетика архитектурасида янги воқелик
Таҳлилчилар фикрича, Форишдаги атом электр станцияси нафақат миллий, балки минтақавий аҳамиятга ҳам эга. Марказий Осиёда аҳоли сони ва иқтисодий фаоллик мунтазам ўсиши шароитда энергия ресурсларига талаб ҳам ортмоқда.
Бундай вазиятда республикамиз атом энергетикаси соҳасига дадил кириб бориши минтақанинг умумий энергетика манзарасида янги босқични бошлаб берди. Келгусида соҳавий ҳамкорлик, технология алмашинуви ва саноат кооперацияси янада кенгайиши аён. Демак, лойиҳа Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда юқори технология ва замонавий энергетика инфратузилмасини ривожлантираётган етакчи давлатлардан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хулоса
Фориш туманида интеграциялашган АЭС қурилишини давлатимиз энергетика сиёсатидаги навбатдаги босқич ўлароқ, мамлакат тараққиётининг узоқ муддатли стратегияси билан чамбарчас боғлиқ тарихий қарор сифатида баҳолаш мумкин.
Мазкур ташаббус энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, юқори технология жалб этиш, миллий муҳандислик мактабини шакллантириш ва саноат рақобатбардошлигини ошириш каби бир-бири билан узвий боғлиқ вазифаларни ҳал этишга кўмаклашади.
ТДШУ мустақил тадқиқотчиси Ақлбек Тилаволдиев фикрича, ушбу мажмуа энергетика мустақиллигини мустаҳкамлаши баробарида, юқори технологияли иқтисодиётга ўтиш жараёнини тезлаштирувчи муҳим омилдир. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда инновацион ривожланиш ва замонавий энергетика инфратузилмасини шакллантириш соҳасидаги етакчи ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Энг муҳими, Фориш АЭС прагматик ташқи иқтисодий сиёсатимиз самараси сифатида миллий манфаат, технология тараққиёти ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган йирик стратегик лойиҳалар қаторида алоҳида ўрин эгаллайди. Келгуси йилларда мажмуа юртимиз энергетика ва саноат салоҳиятини белгилаб берувчи муҳим ривожланиш нуқталаридан бирига айланиши кутиляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА