Пойтахтда яшил ҳудудларни парваришлаш бўйича комплекс ишлар олиб борилмоқда
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, шаҳар бўйлаб дарахт ва ўсимликларни кўздан кечириш ҳамда соғломлаштириш ишлари жадаллаштирилди. Экологлар, дендрологиклар ва бошқа соҳа мутахассислари иштирокида касалланган, қуриган ҳамда биологик умрини ўтаб бўлган дарахтлар, шикастланган шох-шаббалар, шунингдек, қуруқ, синган ва осилиб қолган шохлар аниқланмоқда.
Ўрганиш натижаларига кўра, мутахассислар зарур чора-тадбирларни белгилаб олмоқда. Қуруқ ва шикастланган шохлар эҳтиёткорлик билан бутламоқда. Қуриб қолган дарахтлар бўйича эса далолатномалар тузилиб, тегишли рухсатнома олиш учун ҳужжатлар шаҳар экология бошқармасига юборилмоқда.
Қайд этилганидек, барча ишлар аҳоли хавфсизлиги ҳамда соғлом дарахтларни сақлаб қолиш заруратини инобатга олган ҳолда, босқичма-босқич ва белгиланган тартибда амалга оширилмоқда. Айни пайтда Чилонзор туманидаги Бунёдкор шоҳкўчаси, Яккасарой туманидаги Нукус кўчаси, Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчаси, шунингдек, шаҳарнинг бошқа катта ва кичик кўчаларида амалий ишлар қизғин давом этмоқда.

Шу билан бирга, Яшнобод туманидаги “Элбек” боғида мавжуд дарахтлар ҳам кўздан кечирилмоқда. Боғнинг майдони 11 гектар бўлиб, у ерда 5 мингга яқин дарахт ва буталар ўсади. Шу билан бир қаторда, ҳудуд чиқиндилардан тозаланиб, йўлаклар тартибга келтирилмоқда, суғориш тизими таъмирланиб, янги тармоқлар тортилмоқда. Айни вақтда пойтахтда суғориш тизимлари янгиланиб, эскилари алмаштирилмоқда, насос станциялари таъмирланиб, янги суғориш тармоқлари барпо этилмоқда, ариқлар ва дренаж тизимлари тартибга келтирилмоқда. Шунингдек, ҳозирда дарахт экиш мавсуми ҳам бошланмоқда.
Гулноза Бобоева,ЎзА