Кадастр соҳаси раҳбарлари ёшлар билан мулоқот қилди
Фарғона давлат техника университетида кадастр соҳаси раҳбарлари ва талабалар иштирокида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди. Унда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий технологияларни жорий этиш ва малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида ёшларга кадастр тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар, соҳанинг устувор вазифалари ва истиқболдаги режалар хусусида маълумот берилди.
Хусусан, ер ва кўчмас мулк объектларига оид маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш, давлат хизматларини рақамлаштириш, замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш ҳамда ер ресурсларини оқилона бошқариш борасида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратилди.
[gallery-32002]
Шунингдек, кадастр тизими учун замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, таълим жараёнини амалиёт билан узвий боғлаш, ёш мутахассисларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Очиқ ва самимий руҳда кечган учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан соҳа раҳбарларига мурожаат қилди. Кадастр тизимида меҳнат фаолиятини бошлаш, касбий ўсиш имкониятлари, замонавий мутахассисларга қўйилаётган талаблар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Таълим муассасаси ва соҳавий ташкилотлар ўртасидаги бундай мулоқотлар ёшларнинг касбга бўлган қизиқишини ошириш, назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш ҳамда уларни меҳнат бозори талабларига мос мутахассис этиб тайёрлашга хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА