Хорижлик талабалар ўртасида ўзбек тили билимдонлари аниқланди
Ўзбекистондаги ОТМларда таҳсил олаётган хорижлик талабалар ўзбек тили бўйича республика олимпиадасида ўз билимларини синовдан ўтказди. Унда 15 давлатдан 74 нафар иштирокчи қатнашди.
Тил нафақат алоқа воситаси, балки миллатнинг том маънодаги кўзгуси ҳамдир. Унинг тараққиёти ва жозибаси учун ҳар биримиз масъулмиз. Она тилимизга давлат тили мақоми берилганига 37 йил тўлмоқда. Шу муносабат билан юртимиз бўйлаб муҳим тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ана шундай тадбирларнинг узвий давоми ўлароқ, юртимиздаги олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар ўртасида ўзбек тили бўйича республика олимпиадаси ўтказилди.
Таълим ва илм-фан вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган олимпиадада 46 та олий таълим ташкилотидан 15 та хорижий давлат вакили бўлган 74 нафар талаба иштирок этди. Иштирокчилар лексик-грамматик тест, тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш, ёзма ва оғзаки нутқ йўналишлари бўйича ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди.

Олимпиаданинг асосий йўналиши бўйича қуйидаги иштирокчилар ғолиблар сафидан ўрин олишди:
1-ўрин: Аҳмед Маброор (Покистон) – Самарқанд давлат университети;
2-ўрин: Абдуракҳмон Ҳабибуллаев (Қирғизистон) – Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси;
3-ўрин: Маргуба Мелонова (Россия Федерацияси) – Қўқон давлат университети.
Шунингдек, “тил тарғиботчилиги” номинацияси бўйича ҳам ғолиблар аниқланди:
1-ўрин: Акҳмад Усман (Покистон) – Бухоро давлат университети;
2-ўрин: Садат Несар Аҳмад (Афғонистон) – Самарқанд давлат тиббиёт университети;
3-ўрин: Шаҳвеж Алам (Ҳиндистон) – Тошкент давлат тиббиёт университети.
Ғолиб ва совриндорлар дипломлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бу каби тадбирлар она тилимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Шербек Исломов, ЎзА