Петербург форуми Ўзбекистон учун қандай имкониятлар очмоқда?
Глобал иқтисодиёт янги трансформация босқичига кирган ҳозирги шароитда давлатларнинг халқаро муносабатлардаги муваффақияти кўп жиҳатдан уларнинг интеграция жараёнларида қай даражада фаол иштирок этаётгани билан белгиланмоқда. Жаҳон бозорларида рақобат кучайиб, геосиёсий зиддиятлар тобора чуқурлашаётган бир пайтда ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ва янги ҳамкорлик майдонларини излаш стратегик заруратга айланди.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти профессориНодирбек Расулов қайд этишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон айнан шу йўналишда прагматик ёндашувни танлади. Мамлакат ташқи сиёсатининг асосий хусусияти мафкуравий ёки сиёсий қарашлар эмас, балки миллий иқтисодий манфаатлар устуворлигига асосланаётганида намоён бўлмоқда. Шу боис Тошкент Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва Жаҳон савдо ташкилоти каби тузилмалар билан муносабатларни изчил ривожлантириб келмоқда.
Бу сиёсатнинг амалий натижалари ҳам кўзга ташланмоқда. Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси ва инвестициявий жозибадорлиги ортиб бормоқда, мамлакат саноатига йирик сармоялар жалб этилмоқда, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги бозорлар очилмоқда. Бундай шароитда Петербург халқаро иқтисодий форуми нафақат навбатдаги халқаро тадбир, балки мамлакат иқтисодий дипломатиясининг муҳим воситаларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
3-6 июнь кунлари Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтаётган XXIX Петербург халқаро иқтисодий форуми айнан шу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга. Форумнинг бу йилги “Прагматик мулоқот — барқарор келажак сари йўл” шиори ҳам замонавий халқаро муносабатларда иқтисодий манфаатлар ва амалий ҳамкорлик тобора муҳим аҳамият касб этаётганини англатади.
Бугунги кунда дунё иқтисодиёти бир вақтнинг ўзида бир нечта синовларга дуч келмоқда. Геосиёсий рақобат, таъминот занжирларидаги узилишлар, энергетика бозоридаги ўзгаришлар, сунъий интеллект ва рақамли технологияларнинг тезкор ривожланиши давлатларни янги ечимлар излашга мажбур қилмоқда. Петербург форуми ана шу муаммолар муҳокама қилинадиган ва уларга амалий ёндашувлар ишлаб чиқиладиган майдон сифатида шаклланиб бормоқда.
Бу йилги форум дастурининг бешта асосий йўналиши ҳам глобал иқтисодиётнинг энг долзарб масалаларини қамраб олган. Халқаро ҳамкорликнинг янги моделлари, технологик етакчилик, инсон капитали, ҳаёт сифати ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари мамлакатлар келажагини белгилайдиган устувор йўналишлар сифатида кўрилмоқда.
Ўзбекистон учун мазкур мавзуларнинг ҳар бири алоҳида аҳамият касб этади, чунки мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар айнан инвестиция муҳитини яхшилаш, инсон капиталини ривожлантириш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва хусусий сектор улушини оширишга қаратилган.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг форумдаги иштироки ва ялпи мажлисдаги нутқи нафақат икки томонлама муносабатлар нуқтаи назаридан, балки Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий кун тартибидаги ўрнини намоён этиш жиҳатидан ҳам муҳим аҳамиятга эга, чунки бугун мамлакат халқаро майдонда фақат ислоҳотлар олиб бораётган давлат сифатида эмас, балки минтақавий барқарорлик ва иқтисодий ҳамкорлик ташаббусларини илгари сураётган фаол иштирокчи сифатида ҳам қаралмоқда.
Энг муҳими, Петербург форуми Ўзбекистон учун янги инвестициялар жалб қилиш, экспорт бозорларини кенгайтириш ва технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради. Форумда 130 дан ортиқ мамлакат вакилларининг қатнашиши мамлакат иқтисодий салоҳиятини кенг халқаро аудиторияга намойиш қилиш учун қулай шароит яратади.
Шу тариқа, ПХИФ-2026 Ўзбекистон учун навбатдаги дипломатик тадбир эмас, балки прагматик интеграция сиёсатининг амалий ифодаси ҳисобланади. Форум мамлакатнинг халқаро иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш, янги шериклар топиш ва миллий тараққиёт мақсадларини илгари суришга хизмат қилувчи муҳим платформа сифатида аҳамият касб этмоқда.
Инвестициялар, инсон капитали ва экспорт: Петербург форуми Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
Петербург халқаро иқтисодий форумининг Ўзбекистон учун аҳамиятини фақат сиёсий мулоқот ёки халқаро нуфуз билан ўлчаб бўлмайди. Асосий масала форумнинг мамлакат иқтисодиётига қандай амалий натижалар олиб келиши мумкинлигида намоён бўлади. Айниқса, инвестициялар жалб қилиш, инсон капиталини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш каби устувор вазифалар нуқтаи назаридан мазкур майдон Ўзбекистон учун муҳим имкониятлар эшигини очади.
Аввало, форум инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шароит яратади. Бугунги кунда иқтисодий ўсишнинг асосий манбаларидан бири ташқи сармоя ҳисобланади. Янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва инфратузилмани модернизация қилиш учун катта молиявий ресурслар талаб этилади. Петербург форуми эса давлатлар, молиявий институтлар ва хусусий компанияларни бир майдонда жамлайдиган кам сонли платформалардан бири ҳисобланади.
Эксперт Лобар Хушназарова таҳлилларига кўра, Ўзбекистон учун бу, энг аввало, мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни халқаро инвесторларга бевосита тақдим этиш имкониятидир. Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги лойиҳаларга қизиқиш билдирувчи компаниялар билан музокаралар ўтказиш имконияти инвестиция оқимини янада оширишга хизмат қилиши мумкин.
Иккинчи муҳим йўналиш инсон капитали билан боғлиқ. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда таълим, илм-фан ва кадрлар тайёрлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Замонавий иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги кўп жиҳатдан инсон ресурсларининг сифатига боғлиқ бўлиб бормоқда.
ПХИФ дастурида инсон капитали ва ижтимоий соҳага бағишланган алоҳида йўналишнинг мавжудлиги ҳам бежиз эмас. Бу ерда меҳнат бозоридаги ўзгаришлар, замонавий касблар, таълим тизимини модернизация қилиш, рақамли кўникмаларни шакллантириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади. Бундай мулоқотлар Ўзбекистон учун илғор тажрибаларни ўрганиш ва уларни миллий тараққиёт стратегиясига татбиқ қилиш имконини беради.
Айниқса, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар жадал ривожланаётган шароитда кадрлар тайёрлаш масаласи иқтисодий хавфсизликнинг муҳим қисмига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, форумдаги учрашувлар таълим муассасалари, тадқиқот марказлари ва юқори технологияли компаниялар ўртасида янги ҳамкорлик механизмларини шакллантиришга хизмат қилиши мумкин.
Учинчи муҳим масала экспорт салоҳиятини кенгайтириш билан боғлиқ. Ўзбекистон иқтисодиёти олдида турган асосий вазифалардан бири ташқи бозорларда миллий маҳсулотлар улушини ошириш ҳисобланади. Бунинг учун эса янги харидорлар, логистика йўналишлари ва савдо шерикларини топиш зарур.
Петербург форумида юзлаб компаниялар ва ўнлаб мамлакатлардан келган бизнес доиралари иштирок этаётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун кенг имкониятлар яратади. Тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, кимё маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш бўйича янги келишувларга эришиш эҳтимоли юқори.
Шу билан бирга, форум Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир. Икки давлат ўртасидаги саноат кооперацияси, транспорт йўлаклари, энергетика ва юқори технологиялар соҳасидаги қўшма лойиҳалар нафақат икки мамлакат, балки бутун Марказий Осиё иқтисодий макони учун муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим жиҳати шундаки, мамлакат бир вақтнинг ўзида турли иқтисодий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Россия, Хитой, Туркия, Европа Иттифоқи давлатлари, АҚШ ва қўшни мамлакатлар билан алоқаларнинг мувозанатли тарзда кенгайиши ташқи иқтисодий муносабатларни диверсификация қилиш имконини бермоқда. Бу эса мамлакат иқтисодиётининг ташқи таъсирларга нисбатан барқарорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Петербург халқаро иқтисодий форуми Ўзбекистон учун навбатдаги халқаро анжуман эмас. У мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини кучайтириш, инсон капиталини ривожлантириш, экспорт географиясини кенгайтириш ва янги технологик шерикликларни шакллантиришга хизмат қилувчи муҳим иқтисодий дипломатия майдонидир. Энг муҳими, форумда муҳокама қилинаётган ғоялар ва имзоланаётган келишувлар охир-оқибат мамлакат иқтисодиётининг ўсиши, янги иш ўринларининг яратилиши ва аҳоли фаровонлигининг ошишига хизмат қилиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА