Замонавий агротехнологиялар — юқори ҳосил гарови
Бўстонлиқда картошкачиликда янги давр бошланмоқда. Шу мавзуда ўтказилган семинарда замонавий агротехнологиялар ва юқори сифатли уруғлар орқали экспортбоп маҳсулот етиштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида картошкачилик соҳасини янада ривожлантириш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ҳамда сифатли уруғчилик тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди.

Унда қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузухуров, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мева-сабзавотчилик бошқармаси бошлиғи З.Артиқов, Республика ишчи гуруҳи вакиллари, Тошкент вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Р.Норбўтаев, ҳудуд фермерлари, соҳа мутахассислари ва масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида картошка етиштиришнинг замонавий агротехнологиялари, сифатли уруғчилик тизимини ривожлантириш ҳамда ҳосилдорликни ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Жараёнда иштирокчилар Бўстонлиқ картошкачилик маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, экин майдонларида амалга оширилаётган агротехник тадбирлар, замонавий суғориш ва парваришлаш усуллари, касаллик ҳамда зараркунандаларга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Шунингдек, юқори ҳосилдор ва экспортбоп картошка навларини етиштириш, уларни ҳудудлар бўйича кенг оммалаштириш ҳамда сифатли уруғлик базасини шакллантириш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Тадбир доирасида Оҳангаронда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар ҳамда соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳам намойиш этилди, – дейди Оҳангарон тумани ҳокимининг ўринбосари Акмал Бойқобилов. – Жараёнда фермерларни кўпроқ картошкачилик тармоғини ривожлантиришнинг замонавий ёндашувлари, юқори сифатли уруғчиликни ташкил этиш, ҳосилдорликни оширишга қаратилган агротехник тадбирлар қизиқтирди. Шу бўйича соҳадаги истиқболли лойиҳалар хусусида фикр ва тажриба алмашдик. Ишонаманки, бу каби саъй-ҳаракатлар келгусида ўз самарасини беради.

Шунингдек, картошкачилик тармоғини ривожлантиришда илмий ёндашувларнинг аҳамияти, инновацион технологияларни жорий этиш, ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатини ошириш, уруғчилик тизимини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Мутахассислар томонидан соҳада тўпланган илғор тажрибалар, самарали агротехник ечимлар ҳамда картошка етиштиришнинг замонавий усуллари юзасидан тақдимотлар ўтказилди.Семинар якунида иштирокчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашилиб, картошкачиликни ривожлантириш, сифатли уруғлик етиштириш ҳажмини кенгайтириш, фермер ва агрофирмаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тармоқнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
А.Мусаев,ЎзА