Ўзбекистон прагматик интеграция моделини шакллантирмоқда
Кузатувчи мақомдан иқтисодий шериклик сари…
Сўнгги йилларда жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган беқарорлик, савдо занжирларининг ўзгариши ва янги технологик рақобат шароитида давлатлар учун минтақавий ҳамкорлик масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Ана шундай шароитда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан муносабатлари янги мазмун билан бойиб, оддий савдо алоқаларидан кенг қамровли иқтисодий шериклик даражасига кўтарилмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик универистети таянч докторанти Фотима Назарова таҳлилларига кўра, мамлакат ЕОИИга аъзо бўлиш эмас, балки миллий манфаатларга таянган ҳолда амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлини танламоқда. Бу ёндашув Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг асосий хусусиятига айланиб улгурди. Яъни Тошкент ҳар қандай интеграция жараёнига сиёсий эмас, иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан ёндашмоқда.
Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар ҳам айнан шу стратегиянинг мантиқий давоми сифатида намоён бўлди. Давлат раҳбари чиқишида рақамли иқтисодиёт, транспорт-логистика, саноат кооперацияси, инвестициялар ва “яшил” тараққиёт каби соҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан муносабатларга қисқа муддатли эмас, балки узоқ истиқбол нуқтаи назаридан қараётганини кўрсатади.
Айниқса, кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажмининг ўсиши иқтисодий ҳамкорликнинг амалий натижаларини яққол намоён этмоқда. ЕОИИ давлатлари Ўзбекистон учун муҳим ташқи бозорлардан бири ҳисобланади. Шу боис иқтисодий алоқаларни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳар икки томон учун манфаатлидир.
Бу борада уч йиллик ҳамкорлик режасининг амалга оширилиши ва янги дастур ишлаб чиқиш таклифи муҳим аҳамиятга эга. Тошкентда Евроосиё тараққиёт банки ваколатхонасининг очилиши эса муносабатларнинг янги босқичга ўтаётганидан далолат беради. Бу қарор молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади ҳамда иқтисодий мулоқотнинг институционал асосларини мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда иқтисодий интеграциянинг асосий мезони фақат савдо ҳажми эмас. Давлатлар рақобатбардошлиги кўпроқ рақамли технологиялар, маълумотлар алмашинуви ва логистика тизимларининг самарадорлиги билан белгиланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томонидан таклиф этилган “тўсиқларсиз савдонинг ягона рақамли макони” ғояси алоҳида аҳамият касб этади.
Мазкур ташаббуснинг моҳияти товарлар ҳаракатини тезлаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва бизнес учун қулай муҳит яратишдан иборат. Электрон ҳужжатларни ўзаро тан олиш, божхона жараёнларини рақамлаштириш ҳамда фитосанитария назоратини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш савдо харажатларини сезиларли даражада камайтириши мумкин.
Бундан ташқари, “ақлли” транспорт-божхона йўлаклари ташаббуси Ўзбекистоннинг минтақавий логистика марказига айланиш стратегияси билан уйғунлашади. Марказий Осиё орқали ўтувчи транзит йўналишларининг аҳамияти ошиб бораётган бир пайтда рақамли логистика тизимлари юк ташиш жараёнларини тезлаштириб, экспортёр ва импортёрлар учун янги имкониятлар яратади.
Энг муҳими, рақамли иқтисодий макон йирик компаниялар билан бир қаторда кичик ва ўрта бизнес учун ҳам янги бозорларга чиқиш имконини кенгайтиради. Бу эса иқтисодий интеграциянинг натижалари аҳолининг кенг қатламларига ҳам етиб боришини таъминлайди.
Демак, Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кирмоқда. Бу жараёнда асосий урғу сиёсий интеграцияга эмас, балки амалий иқтисодий натижа берувчи лойиҳаларга қаратилмоқда. Айнан шу жиҳат Ўзбекистон шакллантираётган прагматик ҳамкорлик моделининг энг муҳим хусусияти ҳисобланади.
Рақамли макондан “яшил” иқтисодиётгача: ЕОИИ билан ҳамкорлик қандай имкониятлар очмоқда?
Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг муҳим жиҳати шундаки, ҳамкорлик фақат савдо айланмаси билан чекланиб қолмаяпти. Бугунги босқичда асосий эътибор қўшилган қиймат яратувчи соҳаларга қаратилаётгани иқтисодий муносабатларнинг сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилаётганидан далолат беради.
Хусусан, саноат кооперацияси масаласи кун тартибидаги энг муҳим йўналишлардан бири сифатида намоён бўлмоқда. “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” кўргазмасининг минтақавий саноат ҳамкорлиги учун самарали майдонга айланиб бораётгани бежиз эмас. Ўзбекистон томонидан робототехника, саноат автоматизацияси, энергетика ускуналари, сув тежовчи технологиялар ва замонавий қурилиш материаллари соҳасида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш таклиф қилинмоқда. Бу мамлакат иқтисодиётини хомашё экспортига таянган моделдан юқори технологияли ишлаб чиқариш босқичига ўтказиш стратегияси билан бевосита боғлиқ.
Агар мазкур ташаббуслар амалий натижа берса, Ўзбекистон нафақат маҳсулот ишлаб чиқарувчи, балки минтақада технологик кооперация марказларидан бирига айланиши мумкин. Бу эса янги иш ўринлари яратилиши, маҳаллий кадрлар малакасининг ошиши ва экспорт таркибининг диверсификация қилинишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, глобал иқтисодиётда экологик стандартлар тобора кучайиб бораётган бир шароитда “яшил” трансформация масаласи ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Европа ва Осиё бозорларида карбон изи паст бўлган маҳсулотларга талаб ортиб бораётгани давлатларни янги иқтисодий воқеликка мослашишга мажбур қилмоқда. Ўзбекистон томонидан илгари сурилган қўшма “яшил” дастур айнан шу эҳтиёждан келиб чиққан.
Мазкур дастур саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш, чиқиндиларни қисқартириш ва экологик технологияларни жорий этишга хизмат қилиши мумкин. Энг муҳими, бу келажакда маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда рақобатбардошлигини сақлаб қолиш учун муҳим омилга айланади.
Ҳамкорликнинг яна бир стратегик йўналиши меҳнат миграцияси билан боғлиқ. Миллионлаб инсонларнинг иқтисодий фаоллиги бугун давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг муҳим таркибий қисмига айланган. Шу нуқтаи назардан, миллий электрон бандлик тизимларини ўзаро боғлаш ҳақидаги ташаббус меҳнат бозорини янада шаффофлаштиришга хизмат қилиши мумкин.
Бундай тизим орқали фуқаролар иш ўринлари ҳақида ишончли маълумот олиш имконига эга бўлади, ноқонуний бандлик хавфи камаяди ва меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий ҳимояси кучаяди. Бу нафақат ижтимоий аҳамиятга, балки иқтисодий самарадорликка ҳам эга, чунки малакали ишчи кучининг тартибли ҳаракати меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф мувозанатини таъминлайди.
Кенгаш йиғилишида илгари сурилган энг қизиқарли ташаббуслардан бири “Марказий Осиё туристик ҳалқаси” ғояси бўлди. Бир қарашда бу маданий ёки гуманитар лойиҳа бўлиб кўриниши мумкин. Аслида эса унинг ортида катта иқтисодий мантиқ мужассам.
Марказий Осиё давлатлари ягона туристик макон сифатида шаклланса, минтақа халқаро бозорда алоҳида мамлакатлар эмас, балки яхлит йўналиш сифатида рақобатлаша олади. Бу хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, хизматлар экспортини ошириш ва транспорт инфратузилмасининг ривожланишига туртки беради. ЕОИИ давлатларининг ушбу жараёнга жалб қилиниши эса лойиҳанинг қамровини янада кенгайтиради.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи муносабатлари бугун янги интеграция моделини шакллантирмоқда. Унда аъзолик ёки сиёсий мажбуриятлардан кўра иқтисодий манфаат, технологик тараққиёт ва амалий самарадорлик устувор аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан қараганда, Тошкент танлаган прагматик йўл мамлакатнинг миллий манфаатларини таъминлаш билан бирга, минтақадаги иқтисодий ҳамкорлик архитектурасини ҳам янги мазмун билан бойитмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун ташқи бозорларга чиқиш, инвестициялар жалб қилиш ва замонавий технологияларни ўзлаштириш имкониятини кенгайтирмоқда. Агар илгари сурилган ташаббуслар изчил амалга оширилса, бу муносабатлар иқтисодий ўсишнинг қўшимча драйверларидан бирига айланиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА