Ўзбекистонда “Islamic window” тизими жорий этилади
Мамлакатимизда молия тизимини диверсификация қилиш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва бизнес учун муқобил молиявий хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида ислом молиясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда мазкур соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мамлакат молия бозорида янги босқични бошлаб бермоқда.
Экспертларнинг фикрича, ислом молияси нафақат молиявий хизматлар турини кенгайтириш, балки инвестицияларни жалб қилиш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
2026 йил 27 март куни эса Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни имзоланди.
Мазкур қонун миллий молия тизимида исломий молия муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилади. Шу муносабат билан Солиқ кодекси, Фуқаролик кодекси ҳамда яна еттита қонун ҳужжатига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
[gallery-29351]
Энг муҳими, миллий қонунчиликка “исломий банк фаолияти”, “исломий молия операциялари”, “инвестициявий омонат” каби янги ҳуқуқий тушунчалар киритилди. Бу эса шариат тамойилларига асосланган молиявий хизматларни йўлга қўйиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш учун мустаҳкам асос яратади.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ислом молияси – Ўзбекистон-2026” халқаро форуми мамлакат молия бозоридаги муҳим воқеалардан бирига айланди. Форумда хорижий экспертлар, тижорат банклари ва молия ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон банклари ассоциацияси стратегик ҳамкорлигида Ислом тараққиёт банки ташаббуси асосида “RedMoney” компанияси томонидан ташкил этилган халқаро форумда 15 та давлатдан 200 нафарга яқин хорижий делегатлар, шунингдек мамлакатимиз тижорат банклари ва молия ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Форумнинг асосий мақсади исломий банкчиликнинг ўзига хос жиҳатлари, унинг иқтисодий самарадорлиги ва амалий тажрибасини кенг жамоатчиликка таништиришдан иборат. Шунингдек, бир неча йилдан буён ислом банклари муваффақиятли фаолият юритиб келаётган давлатлар тажрибасини ўрганиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Таъкидланишича, мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида ислом молиясига қизиқиш йил сайин ортиб бормоқда. Ўтказилган сўровлар ҳам фуқароларнинг шариат тамойилларига мос молиявий хизматларга эҳтиёжи юқори эканини кўрсатмоқда.
Форумда қайд этилишича, 2026 йилда камида битта тижорат банкида исломий молия хизматларини кўрсатувчи “Islamic window” тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган. Ҳозирда 10 дан ортиқ тижорат банклари ушбу йўналишга қизиқиш билдириб, исломий молиялаштириш механизмларини жорий этиш бўйича иш олиб бормоқда. 2026–2030 йиллар давомида тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи молия институтларини ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, ислом молияси воситалари орқали келгуси беш йилда қўшимча 1 миллиард доллар миқдорида инвестиция ва депозитларни жалб қилиш имконияти мавжуд.
Экспертларнинг фикрича, ислом молиясининг ривожланиши Ўзбекистоннинг халқаро молия бозорларидаги нуфузини ошириш, Яқин Шарқ ва Осиё давлатлари билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатга янги сармоялар жалб қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
— Форумда Ўзбекистонда ислом молияси тизимини ривожлантириш, шариат тамойилларига мос молиявий хизматларни жорий қилиш ва халқаро тажрибани ўрганиш масалалари муҳокама қилинди, — дейди Ўзбекистон банклар ассоциацияси департамент директори ўринбосари Санжар Мусахўжаев. — Айниқса, “Islamic window” тизимини амалиётга татбиқ этиш, исломий финтех ва инвестиция воситалари бўйича қизиқарли тақдимотлар ўтказилди. Форум мамлакатимиз молия бозори учун янги имкониятлар эшигини очиши билан аҳамиятли бўлди. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “Islamic window” тизими анъанавий банклар таркибида шариат талабларига мос молиявий хизматларни таклиф қилиш имконини беради. Масалан, фоизсиз молиялаштириш, шерикчилик асосида инвестиция киритиш ёки муайян активга боғланган молиявий маҳсулотлар жорий этилади. Бу эса ислом молиясига қизиқувчи аҳоли ва тадбиркорлар учун катта қулайлик яратади.
Форум иштирокчилари таъкидлаганидек, ислом молиясини ривожлантириш нафақат молия бозорини диверсификация қилиш, балки Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий майдондаги рақобатбардошлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат)
ЎзА мухбири