Газ таъминоти ва маҳалла тизими ҳамкорлиги янги босқичга чиқади
Наманган вилоятида аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш, шунингдек, мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш борасида муҳим амалий қадам ташланди.
“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали ҳамда Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Наманган вилояти бошқармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур тадбирда Маҳаллалар уюшмасининг вилоят бошқармасиси раҳбари Аҳаджон Мирзаев, “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали директори Иброҳимжон Мамаджонов ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этдилар.
Учрашув давомида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, газ таъминоти тизимидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Имзоланган меморандум Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида истеъмолчиларга табиий ва суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб беришни таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини жойида ўрганиш ва тезкор ҳал этиш, шунингдек, газ таъминотига оид муаммоларни олдиндан аниқлашга қаратилган.

– Ҳамкорлик доирасида жойлардаги газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни маҳалла тизими орқали аниқлаш ва бартараф этиш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади, – дейди "Ҳудудгаз Наманган" газ таъминоти филиали масъул ходими Насиба Абдуллаева. – Бу эса аҳолининг мурожаатларини қисқа муддатларда кўриб чиқиш ва уларнинг ечимини таъминлаш имконини беради. Қолаверса, меморандумда соҳани рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, газдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини кенг тарғиб қилиш ҳамда аҳолига соҳадаги янгиликлар ҳақида мунтазам ахборот бериб бориш вазифалари ҳам белгилаб қўйилган.

Дарҳақиқат, ушбу ҳамкорлик келишуви табиий ва суюлтирилган газ таъминотида аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА