Ўзбекистонда илк бор “Касблар фестивали – 2026” бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида инсон капиталини ривожлантириш ва ёшларни замонавий меҳнат бозори талабларига мос ҳолда тайёрлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ислоҳотлар самарасига кўра, профессионал таълим тизими сифат жиҳатидан янгиланмоқда. Бугун, 5 май санаси мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида муҳим воқелик ҳисобланади.
Негаки, илк бор кенг кўламда нишонланаётган “Касб ва меҳнат куни” доирасида “Касблар фестивали – 2026” ўз ишини бошлади. Ушбу тадбир шунчаки кўргазма эмас, балки янги Ўзбекистон ёшлари учун касблар оламига очилган ўзига хос эшикдир.
[gallery-29228]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу каби фестиваллар учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. Қарорга кўра, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 5 май санасини Касб байрами сифатида нишонлаш анъанага айлантирилмоқда.
Фестивалнинг бош ғояси ёшлар орасида касбларга бўлган қизиқишни ошириш, профессионал таълим нуфузини кўтариш, аҳолини замонавий, юқори даромадли ва меҳнат бозорида талабгор бўлган соҳаларга йўналтиришдан иборат.
Тошкент шаҳрида старт олган ушбу йирик лойиҳа 30 майга қадар республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олиши режалаштирилган бўлиб, бу тизимли ёндашувнинг ёрқин намунасидир.
Фестиваль ўзининг ранг-баранглиги ва мазмун-моҳияти билан ажралиб турди. Айниқса, VR технологиялар ёрдамида ёшлар реал вақт режимида турли касбларни “синаб кўриш” имкониятига эга бўлмоқда. Бу услуб ёш авлодга касбий муҳитни ҳис этиш ва танлов қилиш имконини беради.
Фестивалда “Aloqa Ventures”, “Green University”, “Mehmonxona servisi”, “School 21”, “Blitz” немис тили маркази, “Kulolchilik”, “Ustoz AI”, “Ibrat farzandlari”, “Mutolaa”, “Qizlar akademiyasi”, “UzChess”, “WorldSkills Uzbekistan” каби ташкилотларнинг фаол иштироки Ўзбекистон касбий таълим тизими халқаро андозалар сари дадил қадам ташлаётганини кўрсатади.
Шунингдек, тадбир доирасида Бектемир туманида “BuildEX” қурилиш касбларига ўқитиш марказининг очилиши ҳам соҳадаги ислоҳотлар амалда ўз аксини топаётганини тасдиқлайди.
Фестиваль муносибларни тақдирлаш майдони бўлди. Президент соврини учун ўтказиладиган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” кўрик танлови ёшлар ўртасида соғлом рақобатни кучайтирса, энг яхши илмий мақолалар муаллифларининг тақдирланиши соҳада илм-фан ютуқларини муносиб қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Педагоглар ва соҳа фидойиларига топшириладиган “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” кўкрак нишонлари узоқ йиллик машаққатли меҳнатнинг чинакам эътирофи бўлди.
“Касблар фестивали – 2026” Ўзбекистон ривожи учун ташланган стратегик қадамдир. Ушбу фестиваль орқали ҳар қандай касб эгаси ўз ишининг устаси бўлса, жамиятда муносиб ўринга ва ҳурматга лойиқлиги яна бир бор ўз тасдиғини топади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, Носир Ҳайдаров (сурат) ЎзА