Маънавий етук кадрлар ҳар соҳанинг таянчи
Маълумки, ёш авлодни маънавий етук, мустақил фикрлайдиган ва юксак интеллектуал салоҳиятга эга инсонлар этиб тарбиялашда китобхонлик маданиятининг ўрни беқиёс.
Бу борада Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида китоб мутолаасини кенг тарғиб этиш, ёшларнинг бадиий ва илмий адабиётларга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда мутолаа муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида қатор маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Академияда мунтазам равишда “Энг ёш китобхон”, “Мутолаа ва тафаккур”, “Китоб — маънавият кўзгуси” каби маънавий-маърифий лойиҳалар, давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар ўтказилиб келинмоқда.

Шунингдек, Академия ахборот-ресурс марказида яратилган замонавий шароитлар, янги адабиётлар фондининг мунтазам бойитиб борилиши, электрон ресурслардан самарали фойдаланиш имкониятлари китобхонлик муҳитининг янада ривожланишига хизмат қилмоқда. Айниқса, аёл устозларнинг ўз шахсий намуналари орқали ёшларни мутолаага чорлаётгани, китобхонликнинг инсон камолотидаги ўрни ҳақида самимий суҳбатлар ўтказаётгани алоҳида эътиборга лойиқ.

Зеро, китоб инсон тафаккурини чархлайди, дунёқарашини кенгайтиради, маънавий иммунитетини мустаҳкамлайди ҳамда Ватанга садоқат, касбга фидойилик ва инсоний фазилатларни юксалтиришга хизмат қилади.
Г.Бобоева, ЎзА