Хитой билан ижодий ҳамкорлик ривожланмоқда
Шу кунларда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти раҳбарияти делегацияси Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Делегация аъзолари сафар давомида Сиань Тасвирий санъат академиясида бўлиб, академия раҳбарияти билан бадиий таълим, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.


Шунингдек, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма ижодий лойиҳалар ва кўргазмалар ташкил этиш, академик мобиллик дастурларини ривожлантириш, замонавий таълим ёндашувлари ҳамда инновацион технологияларни таълим жараёнига жорий этиш масалалари юзасидан ўзаро фикр-мулоҳазалар билдирилди.


Учрашув якунида таълим, илм-фан ва ижодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ўзаро Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА