Ўзбекистон ва Япония: фармацевтика соҳасида ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Агентлик директори Абдулла Азизов мамлакатимиз фармацевтика тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар, маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, инвестицияларни жалб этиш, инновацияларни жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Агентлик томонидан технологиялар трансфери, илмий тадқиқотлар, кадрлар тайёрлаш ва инвестиция лойиҳалари бўйича халқаро ҳамкорлик тажрибаси тақдим этилди. Ўз навбатида, JICA вакиллари соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган техник кўмак дастурлари, мутахассислар малакасини ошириш, билим ва тажриба алмашиш ҳамда қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Япония ўртасида тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳамда инновацион лойиҳаларни биргаликда ривожлантириш юзасидан ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олди.
М.Қосимова, ЎзА