Прагада "Made in Uzbekistan" миллий шоуруми очилди
Мамлакатимиз экспорт салоҳиятини халқаро бозорларда кенг тарғиб этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг хорижий ҳамкорлар билан алоқаларини мустаҳкамлаш ва янги савдо имкониятларини яратиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаровнинг Чехия Республикасига амалга оширган хизмат ташрифи доирасида Прага шаҳрида “Made in Uzbekistan” миллий шоуруми очилди.
Мазкур шоурум Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини Европа бозорида тарғиб қилиш, миллий маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг Европа давлатлари ишбилармон доиралари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Экспозициядан мамлакатимизнинг 17 та етакчи корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган 48 турдаги маҳсулот ўрин олди, дейилади Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги маълумотида. Унда саноат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электротехника, маиший буюмлар ва бошқа экспортбоп товарлар намойиш этилмоқда.
Шоурум фаолияти маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга Чехия ва Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиш, янги бизнес ҳамкорлар топиш ҳамда ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай имконият яратиши қайд этилди.
Mазкур ташаббус Ўзбекистон маҳсулотларининг Европа бозоридаги танилувчанлигини ошириш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Марҳабо Ҳожиакбарова,
ЎзА