Тиббиёт: янги марралар, стратегик шериклик ва глобал интеграция сари
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасини тубдан модернизация қилиш, илм-фан ҳамда ишлаб чиқариш уйғунлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган стратегик ислоҳотлар бугун жаҳон ҳамжамияти, жумладан, нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи компаниялар ва дунёга машҳур олимларнинг кенг қизиқишини уйғотмоқда. Ўтган ҳафта давомида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан ўтказилган қатор юқори даражадаги учрашувлар айнан шу глобал мақсадларга хизмат қилиб, Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг етакчи тиббиёт ва фармацевтика хабига айлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Нобель мукофоти лауреати билан илмий ҳамкорлик пойдевори
Дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири Жонс Хопкинс университети профессори, 2019 йилги Физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати доктор Грегг Л.Семенза билан ўтказилган онлайн учрашув соҳадаги муҳим воқеликлардан бири бўлди. Ҳужайраларнинг кислород даражасини сезиш механизмларини кашф этган буюк олим билан мулоқотда мамлакатимизда биофармацевтика соҳасини ривожлантириш ва замонавий илмий мактабларни шакллантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Агентлик директори Абдулла Азизов "BioPharma City" фармацевтика кластери негизида амалга оширилаётган янги лойиҳалар ҳақида маълумот бериб ўтди. Бундай Нобель мукофоти лауреаатлари билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши республикамизнинг илмий-фармацевтика соҳасидаги халқаро нуфузини юксалтириш ҳамда фундаментал ва амалий тадқиқотларни янги сифат босқичига олиб чиқишга хизмат қилади.
Глобал фармацевтика флагманлари билан инвестициявий алоқалар
Илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этиш ва инвестицияларни жалб этиш борасида жаҳоннинг етакчи компанияларидан бири — Буюк Британиянинг "Hikma Pharmaceuticals" компанияси вакиллари билан ўтказилган учрашув муҳим аҳамият касб этди.
Мазкур мулоқот чоғида хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ва имтиёзлар, шу жумладан "BioPharma City" инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерининг инфратузилмаси батафсил таништирилди. Ушбу учрашувда белгиланган вазифалар ва тақдимотлар халқаро компаниялар билан технологиялар трансфери, инвестициялар ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун кенг замин яратади.
Корея Республикаси билан стратегик шериклик янги босқичда
Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH) делегацияси билан ўтказилган учрашув ҳамкорликнинг янги ва амалий йўналишларини белгилаб берди. Музокаралар давомида тиббиёт ходимлари, олимлар ва талабалар учун малака ошириш ҳамда стажировка дастурларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, шифохоналар бошқарувига Корея тажрибасини жорий этиш, биотехнология соҳасида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, Геномика маркази учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда Health Technology Assessment (HTA) йўналишида шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги келишувлар икки мамлакат ўртасидаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги стратегик ҳамкорликни изчил давом эттиришга хизмат қилади.
Истиқболли ташаббуслар
Агентликда Қатар давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим билан ўтказилган учрашув икки томонлама муносабатларнинг янада чуқурлашганидан далолат беради. Учрашувда маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, халқаро GMP ва GPP стандартларини жорий этиш борасидаги ишлар эътироф этилди.
Музокаралар чоғида геномика, биобанклар, регенератив тиббиёт, сунъий интеллект технологиялари ва клиник тадқиқотлар каби замонавий йўналишларда лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди. Бу каби тўғридан-тўғри институционал алоқалар Ўзбекистонни минтақавий тиббиёт ва фармацевтика хабига айлантириш йўлидаги устувор вазифаларни бажаришга пухта пойдевор яратади.
Эришилган сўнги келишувлар ва амалга оширилган муҳим учрашувлар Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика соҳасини жаҳон стандартлари асосида ривожлантириш, илғор хорижий тажрибани жорий этиш ҳамда халқаро миқёсдаги интеграцияни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА