Ўзбекистон ва Малайзия юқори технологиялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантиради
Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ва “Dagang NeXchange Berhad” компанияси раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда юқори технологияли ишлаб чиқариш йўналишларида, хусусан, яримўтказгичлар саноатида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистонда яримўтказгичлар экотизимини шакллантириш, соҳага инвестицияларни жалб этиш, илғор технологияларни жорий қилиш, шунингдек, малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди.
Музокаралар давомида “DNeX” компаниясининг яримўтказгичлар ишлаб чиқариш соҳасидаги тажрибаси ва технологик салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, “Dagang NeXchange Berhad” Малайзиянинг рақамли технологиялар, ахборот-коммуникация хизматлари, энергетика ва яримўтказгичлар соҳаларида фаолият юритувчи йирик технологик компанияларидан бири ҳисобланади. 2021 йилда компания мамлакатнинг етакчи яримўтказгич ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган “SilTerra Malaysia Sdn. Bhd.” корхонасининг 60 фоиз улушини харид қилган.

Учрашув якунида томонлар юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш, тажриба алмашиш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўзаро манфаатли алоқаларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизматига кўра, мазкур мулоқот Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги технологик шерикликни мустаҳкамлаш, инновацион саноат йўналишларида янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА