ҚҚС тўловчилари сони 17,5 фоизга ошди
Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тизимидаги ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш, тадбиркорлик субъектларини расмий иқтисодиётга жалб этиш ва электрон хизматларни кенг жорий этиш натижасида ҚҚС тўловчилари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра мамлакатда махсус рўйхатдан ўтган ҚҚС тўловчилари сони 270 минг 695 нафарни ташкил этди. Бу эса 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 17,5 фоизга кўп. Ушбу ўсиш мамлакатда ишбилармонлик муҳити яхшиланиб, тадбиркорлик субъектлари солиқ тизимига фаол жалб этилаётганидан далолат беради.
Таҳлилларга кўра, ҚҚС тўловчиларининг асосий қисми мамлакат иқтисодиётининг учта йирик тармоғида жамланган. Хусусан, савдо соҳасида 100,6 минг, қишлоқ хўжалигида 50,2 минг, хизмат кўрсатиш соҳасида эса 43,3 минг ҚҚС тўловчиси фаолият юритмоқда. Бу мазкур соҳалар иқтисодиётдаги энг фаол йўналишлардан бири эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Мутахассислар фикрича, ҚҚС тўловчилари сонининг ўсиши, аввало, яширин иқтисодиёт улушининг қисқариб, тадбиркорларнинг расмий фаолият юритишга қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади. Бу эса давлат бюджети даромадларининг ошиши, солиқ тушумларининг барқарорлашуви ва ҳалол рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн назорат-касса техникалари, рақамли солиқ хизматлари ҳамда автоматлаштирилган ҳисоб-китоб тизимларининг жорий қилиниши ҚҚС маъмуриятчилигини янги босқичга олиб чиқди. Бу тадбиркорлар учун ҳисобот топширишни енгиллаштириш билан бирга, солиқ органлари учун ҳам шаффоф назорат механизмларини яратди.
ҚҚС тўловчиларининг қарийб ҳар уч нафаридан бири савдо соҳаси вакили. Бу ҳолат ички бозорда товар айирбошлаш ҳажми юқорилиги, чакана ва улгуржи савдо тармоқларининг кенгайиши билан изоҳланади. Шунингдек, электрон тижоратнинг ривожланиши ҳам мазкур соҳада расмий рўйхатдан ўтаётган тадбиркорлар сонини оширмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги юқори кўрсаткичлар эса мамлакат иқтисодиёти диверсификация қилинаётгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ушбу тармоқларда жадал ривожланаётганидан далолат беради.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, қўшимча қиймат солиқ тўловчилари сонининг 270 мингдан ошиши Ўзбекистонда солиқ тизими ислоҳотлари самараси, рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши ва тадбиркорлик муҳитининг тобора яхшиланиб бораётганини кўрсатади. Бу тенденция нафақат давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш, балки иқтисодиётнинг шаффофлиги, инвестициявий жозибадорлиги ва соғлом рақобат муҳитини янада мустаҳкамлашда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА