Ўзбекистон ва АҚШ: трансмиллий жиноятларни фош этишда ҳамкорлик йўлга қўйилади
АҚШ Ички хавфсизлик департаментининг Тергов агентлиги (HSI) халқаро операциялар бўйича минтақавий атташеси Стивен Мора ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Унда терроризмни молиялаштириш ҳамда одам савдосига қарши курашиш, шунингдек, ушбу жиноятларнинг олдини олиш ва уларни аниқлаш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, одам савдосининг олдини олиш, ушбу жиноятларни содир этувчи шахсларни аниқлаш, жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш ва жабрланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Крипто-активлардан фойдаланган ҳолда терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш ҳамда миграция масалаларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Уларда крипто-активлар билан боғлиқ молиявий операцияларни таҳлил қилиш, шубҳали транзакцияларни аниқлаш, терроризмни молиялаштириш каналларига чек қўйиш, шунингдек, миграция соҳасидаги долзарб масалалар ва улар билан боғлиқ хавф-хатарларнинг олдини олиш чоралари ёритиб берилди.

Учрашув доирасида терроризмни молиялаштиришга оид молиявий операцияларни таҳлил қилиш, шубҳали пул маблағлари ҳаракатини аниқлаш, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш ҳамда трансмиллий жиноятларни фош этишда ахборот алмашинувининг аҳамиятига эътибор қаратилди.
Мазкур йўналишларда илғор тажрибани ўрганиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий усулларини қўллаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув дўстона мулоқот тарзида ўтказилди ҳамда қайд этилган масалалар бўйича ҳамкорликни белгиланган тартибда амалга оширишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА