Ўзбекистон тажрибаси Женевада тақдим этилди
Женева шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа иқтисодий комиссияси (UNECE) томонидан ташкил этилган Барқарор ривожланиш бўйича минтақавий форумда (RFSD26) иштирок этди.
Мазкур форум доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан “Қишлоқ хўжалигида давлат қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш: барқарорлик ва иқлимга мос трансформация учун институционал ислоҳотлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, давлат қўллаб-қувватлаш тизимини самарадорлик ва натижадорликка йўналтириш, иқлим ўзгаришларига мослашувчанликни кучайтириш ҳамда институционал механизмларни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, субсидиялар тизимини рақамлаштириш ва такомиллаштиришга қаратилган янги ёндашувлар, фермерлар учун суғурта механизмларини кенгайтириш, шунингдек ҳудудларнинг ихтисослашуви ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб ресурсларни самарали йўналтириш бўйича олиб борилаётган ишлар тақдим этилди.

Тадбир доирасида давлат молиясини самарали бошқариш ҳамда барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
Давра суҳбати якунида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Женева шаҳридаги БМТ бўлинмасида расмий қабул ташкил этилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА