Сардобада “Clean Games – тоза ўйинлар” экологик акцияси
Ўзбекистонда ёшлар ўртасида экологик маданиятни юксалтириш, уларни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларига кенг жалб этишга қаратилган устувор вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Ана шу эзгу мақсадлар доирасида Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан Сардоба туманидаги Дўстлик маҳалласи ҳудудида “Clean Games – тоза ўйинлар” экологик акцияси ташкил этилди.
Маълумки, “Clean Games” — табиатни чиқиндилардан тозалашни ўйин шаклида ташкил этишга асосланган замонавий экологик лойиҳа бўлиб, у жамоавий мусобақалар орқали аҳолини экологик муаммоларга бефарқ бўлмасликка чорлайди. Ушбу формат иштирокчиларни фаолликка ундаб, анъанавий ҳашарларга нисбатан самарадорлиги билан ажралиб туради.
– Тадбир давомида иштирокчилар жамоаларга бўлинган ҳолда белгиланган ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш, уларни турларга ажратиш ва қайта ишлашга йўналтириш бўйича фаол иштирок этди, – дейди Сирдарё вилоят ёшлар ишлари бошқармаси масъул ходими Бекзод Холбоев.
Тадбир давомида ҳудуднинг санитар ҳолати яхшиланиши билан бир қаторда, ёшларда жамоавийлик, ташаббускорлик ва фаол фуқаролик позицияси мустаҳкамланди.
[gallery-29017]
– Бу турдаги амалий акциялар ёш авлод онгида экологик маданиятни шакллантириш, уларни атроф-муҳит муҳофазасининг фаол иштирокчисига айлантиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Сардоба тумани "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Ҳасан Бахтибоев.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА