Кураш: XV жаҳон чемпионати Остона шаҳрида ўтказилади
Форс кўрфази ҳудудида вужудга келган сиёсий вазият туфайли жорий йилнинг 31 январь — 5 февраль кунлари Эрон Ислом Республикаси Божнорд шаҳрида кураш бўйича катталар ўртасида ўтказилиши керак бўлган XV жаҳон чемпионатини номаълум муддатга қолдирилган эди.
Куни кеча Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов, Халқаро кураш ассоциацияси вице-президенти Зиёвиддин Ҳожиниёзов, IKA Администрацияси раҳбари Мансур Мирзаев ҳамда Қозоғистон кураш федерацияси президенти Андрей Боргенц иштирокида ўтказилган учрашувда мазкур нуфузли мусобақани Остона шаҳрида ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов кураш спорти бугунги кунда жаҳон миқёсида жадал ривожланаётган замонавий спорт турларидан бирига айланганини таъкидлаб, Қозоғистон ушбу чемпионатни юқори даражада ўтказиш учун барча имконият ва инфратузилмага эга эканини қайд этди.
Ўз навбатида, Халқаро кураш ассоциацияси вице-президенти Зиёвиддин Ҳожиниёзов Қозоғистон спортчилари халқаро майдонларда юқори натижаларга эришаётганини эътироф этиб, бу мамлакатда олиб борилаётган тизимли ва изчил ислоҳотлар самараси эканини таъкидлади.
Келишувга биноан кураш бўйича катталар ўртасидаги XV жаҳон чемпионати жорий йил июнь ойи охирида Остона шаҳрида бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА