Ўзбекистон–Франция: Таълим соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичда
Бугунги глобаллашув шароитида таълим соҳасида илғор тажрибага эга давлатлар билан ҳамкорлик янги имкониятларни яратишга хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Франция ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик изчил равишда ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Илҳом Сирожев ҳамда Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Валид Фук ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида мактабгача ва мактаб таълими йўналишида йўлга қўйилган ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ва дастурлар атрофлича кўриб чиқилди.

Франция элчиси, ўз навбатида икки томонлама ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаб, Ўзбекистонда француз тилини ўқитиш бўйича олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Учрашувда ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, мактабларда француз тилини иккинчи хорижий тил сифатида ривожлантириш, таълим жараёнига тил эгаларини жалб этиш, “Келажак” марказларида француз тили тўгаракларини йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқотларни ривожлантириш, касбий таълим тизимига илғор тажрибаларни жорий этиш каби йўналишлар белгилаб олинди.

Мазкур ҳамкорлик нафақат таълим сифати ошишига, балки ёшларнинг халқаро билим ва кўникмаларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА