Ўзбекистон-Франция: Энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард доллардан ошди
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Франциянинг “MEDEF International” ташкилоти ҳузуридаги Ўзбекистон-Франция Ишбилармонлар кенгаши раиси Клод Имовен ҳамда мазкур мамлакатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук билан учрашди.
Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Томонлар кейинги йилларда олий даражадаги мулоқотлар Ўзбекистон-Франция муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи, шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг ушбу мамлакатга ташрифи ва Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашуви амалий ҳамкорликни янада фаоллаштириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги инвестиция ташаббусларини илгари суриш учун мустаҳкам замин яратгани қайд этилди.
Бугунги кунда Франция Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда француз компаниялари иштирокида умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг учта йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Яна қиймати 1,8 миллиард АҚШ долларига тенг олтита истиқболли лойиҳа бўйича ишлар давом этмоқда. Шу тариқа икки мамлакат ўртасидаги энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард АҚШ долларидан ошди.
Учрашувда “EDF” компанияси билан ҳамкорлик доирасида Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 3,1 ГВтдан ортиқ бўлган замонавий буғ-газ электр станцияларини барпо этиш ишларининг бориши муҳокама қилинди. Лойиҳалар мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда истеъмолчиларни ишончли электр таъминоти билан таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, "TotalEnergies” ва “Voltalia” компанияларининг қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланди. Улар қуёш ва шамол электр станциялари ҳамда энергия сақлаш тизимларини барпо этиш орқали мамлакатнинг “яшил” энергетика соҳасидаги стратегик мақсадларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Учрашув якунида томонлар энергетика соҳасидаги ҳамкорлик салоҳияти янада юқори эканини қайд этиб, инвестициявий шерикликни кенгайтириш, илғор технологияларни жалб қилиш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА